Спорт | 23:59 / 23.06.2026
4476
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026. Ўзбекистон иккинчи турда Португалияга йирик ҳисобда ютқазди

Миллий жамоа Европанинг номдор вакилига жиддий қаршилик кўрсата олмади. Криштиану Роналду ўйинда иккита гол урди.

Фото: Reuters

Футбол бўйича жаҳон чемпионатида 23 июнь куни К гуруҳининг 2-тур ўйини ўтказилди.

Ўзбекистон миллий жамоаси Ҳьюстон шаҳрида Португалия билан ўйнади ва йирик ҳисобда ютқазди.

6-дақиқада Криштиану Роналду ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланиб, Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозасини ишғол қилди. 17 дақиқада Нуну Мендеш жарима зарбасини аниқ ижро қилиб, жамоасининг иккинчи голини урди.

29-дақиқада Азиз Ғаниев узоқ масофадан кучли зарба йўллаб, ҳисобни қисқартирди. Бироқ, унга тўп келиб тушишидан олдин Аббос Файзуллаев қоида бузгани туфайли, бош ҳакам VAR текширувидан сўнг голни бекор қилди.

39 дақиқада Криштиану Роналду дарвозабон билан деярли юзма-юз чиқиб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлимда вазият ўзгармади. Португалия катта устунлик билан ҳужум қилди. 60 дақиқада бурчак зарбасидан кейин Абдувоҳид Неъматов тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. 87-дақиқада Леао жамоасининг бешинчи голини урди.

Бу натижадан сўнг Португалия 4 очко жамғарди, Ўзбекистон ҳисобида очко йўқ. Миллий жамоа гуруҳдаги сўнгги ўйинни 28 июнь куни Конго ДР миллий жамоасига қарши ўтказади.

ЖЧ-2026, К гуруҳи, 3-тур

Ҳьюстон (АҚШ), 23 июнь

ПОРТУГАЛИЯ – ЎЗБЕКИСТОН 5:0

Голлар: Криштиану Роналду (6, 39), Нуну Мендеш (17), Абдувоҳид Неъматов (60 автогол), Рафаэл Леао (87)

ПОРТУГАЛИЯ: Диогу Кошта, Рубен Диаш, Криштиану Роналду, Бруну Фернандеш, Жоау Фелиш (Франсишку Тринкау, 63), Ренату Вейга, Жоау Невеш (Бернарду Силва, 76),  Педру Нету (Франсишку Консейсау, 46), Жоау Канселу (Матеуш Нунеш, 46), Витинья (Рафаэл Леао 83), Нуну Мендеш.

ЎЗБЕКИСТОН: Абдувоҳид Неъматов, Абдуқодир Ҳусанов, Рустам Ашурматов, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков (Акмал Мозговой, 46), Шерзод Насруллаев (Ҳожиакбар Алижонов, 46), Элдор Шомуродов, Абдулла Абдуллаев, Азиз Ғаниев, Аббосбек Файзуллаев (Игорь Сергеев, 73), Беҳруз Каримов.

Огоҳлантиришлар: Одил Ҳамробеков (14), Ренату Вейга (68)

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид