Жаҳон | 18:20
6519
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Ўзбекистон қишлоқларини алмашди

Чўнғара ва Тош-Тобо Қирғизистон таркибига ўтди, Ўзбекистон чегара зонасида тенг майдонли ер участкаларини олди.

Ўзбекистон билан давлат чегарасини демаркация қилиш доирасида иккита аҳоли пункти - Чўнғара ва Тош-Тобо Қирғизистон таркибига ўтди, деб хабар берди Қирғизистон президенти матбуот котиби Асқат Алагозов.

Унинг сўзларига кўра, илгари Фарғона вилояти таркибига кирган ушбу қишлоқларнинг 2 минг 500 га яқин аҳолиси этник қирғизлар бўлиб, энди Қирғизистон фуқаролигини олади.

Қайд этилишича, Қирғизистон томони Ўзбекистонга чегара зонасида тенг майдонли ер участкаларини берган.

Бундан ташқари, Сой қишлоғидан Таян қишлоғигача бўлган автомобил йўлини қуриш учун умумий майдони 236 гектар бўлган тенг қийматли ер участкалари алмашилди.

Ушбу йўл орқали Боткен вилояти аҳолиси Айдаркендан Боткен шаҳрига тезроқ етиб бориши мумкин бўлади, масофа айланма йўл орқали ҳозирги 225 километр ўрнига 55 километрни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, икки давлат ташқи ишлар вазирлари 2022 йил ноябрь ойида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзолаган, 2023 йил январь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида икки давлат президентлари ратификация ёрлиқларини алмашган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид