Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Стармер истеъфосидан сўнг ЕИ – Буюк Британия саммити қолдирилди
Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг истеъфога чиқишини эълон қилиши ортидан Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўртасида 22 июн куни Брюсселда ўтказилиши режалаштирилган саммит қолдирилди. Европа Иттифоқи раҳбарлари Лондонда ҳукумат раҳбари алмашиши муносабати билан учрашувнинг янги санасини белгилаш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Европа кенгаши раиси Антониу Коштанинг таъкидлашича, саммитга тайёргарлик ишлари юқори даражада ишонч ва фаоллик билан олиб борилган. Бироқ Буюк Британиядаги сиёсий вазият ўзгаргани боис учрашувни кейинроқ ўтказишга қарор қилинган.
Кошта Кир Стармернинг Европа билан муносабатларни яхшилашга қаратилган сиёсатини юқори баҳолаб, унинг вориси ҳам шу йўналишни давом эттиришига умид билдирган. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам шундай фикрни билдириб, Стармернинг ЕИ ва Буюк Британия ўртасида ишончга асосланган янги муносабатлар шаклланишига ҳисса қўшганини таъкидлаган.
Баёнотлар Молдова президенти Майя Санду иштирокидаги қўшма матбуот анжуманида янгради. Санду ўз навбатида Европа Иттифоқи келажакда янада кенгайиши тарафдори эканини билдириб, Украина, Молдова, Ғарбий Болқон давлатлари ва Буюк Британия билан яқин ҳамкорлик муҳимлигини қайд этган.
Аввалроқ Буюк Британия бош вазири Кир Стармер истеъфога чиқишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, қарор мамлакатдаги паст рейтинглар ва сиёсий босимлар ортидан қабул қилинган. Стармер Лейбористлар партияси раҳбарлигидан кетишини, аммо янги раҳбар сайлангунга қадар бош вазир вазифасини бажариб туришини айтган.
Сиёсатчига нисбатан босим май ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда Лейбористлар партиясининг кутилган натижани қайд эта олмаганидан кейин кучайган. Шунингдек, унинг сиёсатидан норози бўлган айрим вазирларнинг истеъфоси ва партиядош рақиби Энди Бёрнэмнинг қўшимча парламент сайловидаги муваффақияти ҳам Стармернинг қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган омиллар сифатида баҳоланмоқда.