Ўзбекистон | 17:43
585
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 4 та туманида солиқ инспекциялари раҳбарлари ўзгарди

Тошкентнинг Олмазор, Учтепа, Яккасарой ва Яшнобод туманлари солиқ инспекцияларига янги раҳбарлар тайинланди.

Тошкент шаҳрининг тўрт туманидаги солиқ инспекцияларига янги раҳбарлар тайинланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар қилди.

Қайд этилишича, тайинловлар давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, раҳбар кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиш ҳамда кадрлар захирасини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган.

Солиқ қўмитаси раиси томонидан 22 июн куни имзоланган тегишли буйруққа мувофиқ, Жамшид Ашурович Эргашов Яшнобод тумани солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Жамшид Эргашов

Шунингдек, Лазиз Рустамович Насиров Учтепа тумани солиқ инспекцияси бошлиғи, Ҳамдам Ҳакимбоевич Ражабов Яккасарой тумани солиқ инспекцияси бошлиғи, Ҳабибулла Тожиевич Иномов эса Тошкент шаҳри Олмазор тумани солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.

Солиқ қўмитаси тизимда замонавий бошқарув кўникмаларига эга, ташаббускор ва малакали мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига илгари суриш бўйича ишлар давом этаётганини қайд этган.

Ушбу тайинловлар давлат бошқарувида очиқлик, самарадорлик ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи тизимни шакллантиришга қаратилган кадрлар сиёсати доирасида амалга оширилгани таъкидланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид