Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Наманганда IT-парк қурилишига тамал тоши қўйилди
Президент Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчасида барпо этиладиган замонавий IT-парк қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Қиймати 117 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда минглаб ёшлар учун юқори даромадли иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Маросимда давлат раҳбари рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жадал ривожлантириш Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Шу мақсадда мамлакатда махсус дастурлар ва қарорлар қабул қилиниб, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.,

Қайд этилганидек, Хитойлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган 117 миллион долларлик лойиҳа доирасида республиканинг олти ҳудудида IT-парклар қурилади. Янги Наманган шаҳрида барпо этиладиган мажмуа мазкур ташаббуснинг илк лойиҳаси ҳисобланади.

Лойиҳага мувофиқ, 1,7 гектар майдонда 17 қаватли замонавий бино қад ростлайди. Майдони қарийб 18 минг квадрат метр бўлган мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компанияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмаси жойлаштирилади.

IT-паркда ўнлаб компаниялар ва стартап студиялар ягона ахборот технологиялари экотизими сифатида фаолият юритади. Натижада вилоятдаги 2 мингга яқин ёш юқори даромадли иш ўринлари билан таъминланади.
Лойиҳа ишга тушгач, Наманган вилоятида ахборот технологиялари хизматлари ҳажмини йилига 500 миллиард сўмга, экспорт кўрсаткичини эса 30 миллион долларга етказиш имконияти яратилади.


Маросим якунида президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган IT-парки қурилишига тамал тоши қўйди. Шу ернинг ўзида вилоятда амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилиш ишларига старт бериш маросими ҳам бўлиб ўтди.