Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда паррандачиликнинг тўлиқ саноат цикли йўлга қўйилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Тўрақўрғон туманидаги “Уйчи парранда” корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва тайёр гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қамраб олган тўлиқ саноат цикли асосида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Тўрақўрғон туманида жойлашган “Уйчи парранда” корхонасида замонавий паррандачилик инфратузилмаси шакллантирилган. Тижорат банкининг 50 миллион долларлик маблағи ҳисобига 121 гектар майдонда Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқ интенсив усулда парваришланмоқда.

Корхонанинг асосий устунлиги наслли тухум етиштиришдан бошлаб инкубация қилиш ва тайёр гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган яхлит саноат занжирини йўлга қўйганидадир. Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар орқали кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиниб, инкубаторларда 50 минг бош жўжа очирилмоқда.

Гўшт етиштириш йўналишида ҳам юқори самарадорлик таъминланган. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45-50 кун давомида парвариш қилиниб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилмоқда.

Муваффақиятли тажриба асосида келгусида вилоятнинг Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманларида янги паррандачилик комплекслари ташкил этилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида Намангандаги паррандалар сони 12 миллион бошга етказилиб, қўшимча 500 та, кооперация тизими орқали эса жами 1 мингта янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққанидан кейин нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийси бозорларида парранда гўшти ва тухум маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш, шунингдек экспорт ҳажмини ошириш имконияти кенгаяди.
