Ўзбекистон | 10:32
1890
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Наманган аэропортини кенгайтириш лойиҳаси билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилишини кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида аэропортнинг хизмат кўрсатиш қуввати бир неча баробар оширилиб, замонавий инфратузилма яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мамлакатда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Маълум қилинишича, умумий қиймати 175 миллион доллар бўлган лойиҳа асосида янги уч қаватли йўловчи терминали қурилмоқда. Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган иншоот соатига 1,2 минг нафар, йилига эса 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди жойлаштирилади. Лойиҳа натижасида 550 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2027 йил якунига қадар кунлик қуввати 50 тонна бўлган карго терминали ишга туширилади. Бу Фарғона водийсида ягона замонавий карго тизимини шакллантириб, маҳаллий маҳсулотларни дунёнинг 90 мамлакатига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Давлат раҳбари қурилиш ишлари билан танишиш асносида аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид