Жаҳон | 21:40 / 24.06.2026
1961
2 дақиқада ўқилади

Беларусдаги ретрансляторлар жим бўлиб қолди - Зеленский

Ҳозирча аниқ эмас, улар шунчаки ўчирилганми ёки аллақачон демонтаж қилинганми.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Россияликларга дронларни Украинадаги нишонларга йўналтиришга ёрдам берган Беларус ҳудудидаги ретрансляторлар 22 июнь куни ўз фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

«Уларни демонтаж қилишганми ёки йўқми, ҳозирча билмайман. Аммо биз бу борада ишлаяпмиз ва мен вазиятни жуда диққат билан кузатиб бораман ва ҳар куни ҳисоботлар оламан. Факт шундаки, ретрансляторлар бугунги кунда ишламаяпти», деди Зеленский.

Бундан олдин нима бўлган?

19 июнь куни Украина президенти Володимир Зеленский Беларус раҳбари Александр Лукашенкога ультиматум эълон қилиб, Россия ретрансляторларини ўз ҳудудидан олиб ташлаш учун бир ҳафта вақти борлигини айтган эди.

Шунингдек, у бундай станциялар Беларуснинг Украина билан чегарадош икки ҳудудида жойлашганини маълум қилди ва агар Лукашенко буни қилмаса, Украина жавоб чораларини кўришини айтди.

Кейинроқ Зеленский Беларус ҳудудида Россия агрессиясига ёрдам берадиган корхоналар борлигини ҳам айтди. Президент бундай ҳаракатлар Москвага босимга мослашишга ёрдам беришини ва тинчликни яқинлаштирмаслигини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид