Спорт | 09:46
14840
11 дақиқада ўқилади

ЖЧда 13-кун. Роналдуда рекорд, Ҳусановнинг кўз ёши ва «жодуланган» Кейн

Колумбия Конго ДР билан ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозонди ва Ўзбекистон учун имкон қолдирди. Энди назарий жиҳатдан сўнгги турда Ўзбекистон конголикларни енгиш орқали, 3-ўрин билан плей-оффга чиқиши мумкин бўлади.

Роналду қаторасига олтинчи чемпионатда гол урди

Португалия – Ўзбекистон 5:0
Голлар:
Роналду, 6 (1:0). Мендеш, 17 (2:0). Роналду, 39 (3:0). Неъматов, 60 автогол (4:0). Леау, 87 (5:0)
Португалия: Кошта, Рубен Диаш, Вейга, Нуну Мендеш, Жоау Канселу (Семеду, 46), Жоау Невеш (Бернарду Силва, 76), Витиня (Леау, 83), Бруну Фернандеш, Жоау Феликс (Тринкау, 63), Педру Нету (Консейсау, 46), Криштиану Роналду
Ўзбекистон: Неъматов, Абдуллаев, Ашурматов, Ҳусанов, Шукуров (Эсонов, 90+2), Ҳамробеков (Алижонов, 46), Насруллаев (Мозговой, 46), Каримов (Жиянов, 90+2), Ғаниев, Файзуллаев (Сергеев, 73), Шомуродов
Огоҳлантиришлар: Вейга, 68 – Ҳамробеков, 14

Жаҳон чемпионатининг 1-турида Конго ДР билан ўйиндаги нурсиз ўйиндан (1:1) кейин Криштиану Роналду танқидлар ёмғири остида қолганди. Иккинчи турда Ўзбекистонга қарши кечадиган ўйин эса у ва жамоа бу танқидларга жавоб қайтариши учун имкон эди.

Португаллар илк дақиқаларданоқ кучли босим ўтказди ва ўзбекистонликларни чуқур ҳимояланишга мажбур қилди. Европа вакиллари кўпчилик бўлиб ҳужумга ўтиб, позицияларни алмаштириб ҳаракатланишди ва тезкор комбинациялар уюштиришди. Натижада 6-дақиқадаёқ ҳисоб очилди: Канселу ўнг қанотдан рейд уюштириб, жарима майдонида очилган Криштиануни тўп билан таъминлади, 41 ёшли ҳужумчи эса бу имкониятдан фойдаланди. Бу орқали португалиялик юлдуз қаторасига олтинчи жаҳон чемпионатида гол урган илк футболчига айланди – унга бу борада энг яхши натижа қайд этган Лионел Месси (5) бу натижани фақат 2030 йилги жаҳон чемпионатига борса такрорлаши мумкин.

Роналду португалларнинг иккинчи голида ҳам иштирок этди – барча Ҳамробековнинг жарима майдони яқинидаги қўполлигидан кейин белгиланган жарима зарбасини айнан у ижро этишини кутиб турганида у тўпни Нуну Мендешга қолдирди, «ПСЖ» ҳимоячиси эса пастлатиб йўллаган зарбаси билан тўпни дарвозанинг ўнг бурчагига жойлаб қўйди.

Шундан кейин Ўзбекистон ҳам олдинга чиқа бошлади ва бир неча вазиятларга эга бўлди: аввалига Насруллаевнинг яқин бурчакка йўллаган зарбасига аниқлик етишмади, Ғаниев эса жуда чиройли зарбаси билан Кошта қўриқлаётган дарвозани ишғол этди ҳам.

Аммо вазиятга VAR аралашиб, гол бекор қилинди – видеотакрорда тўп Ғаниевга келиб тушишидан олдин Аббос Файзуллаев Канселуга қўполлик ишлатгани ойдинлашди.

Ўзбекистонликлар катта куч билан ҳужумга ўтишда давом этишди ва бунинг учун жазоланишди. Марказда тўп йўқотилгач, рақиб тезкор қарши ҳужум уюштирди ва Фернандеш Роналдуни амалда дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб юборди, у эса Неъматовга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 0:3.

У бўлим охиригача ҳет-трик муаллифига айланиши ҳам мумкин эди, аммо дарвозабон устидан ошириб ташланган тўпни Ҳусанов дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборди.

Каннаваро танаффусда биринчи бўлимда кўп хатога йўл қўйган Ҳамробеков ва Насруллаевни захирага олиб, Мозговой ва Алижоновни туширди, Мартинес ҳам айнан ўнг қанотини алмаштириб, Семеду ва Консейсауни майдонга ташлади.

Ўзбекистон иккинчи бўлим бошида фаол ҳаракат қилиб, прессинг уюштирди, аммо 60-дақиқада эса яна бир бор стандарт вазият португаллар фойдасига ишлади. Бурчакдан пастлатиб оширилган тўпга Феликс зарба берди, тўп аввал Ҳусановга, кейин дарвозабонга тегиб, тўрга бориб тушди.

Қолган дақиқаларда ҳеч бўлмаганда битта жавоб голини уриш учун ўзбекистонликларда куч ҳам, шижоат ҳам етишмади. Ўйин якунига яқинлашганда захирадан тушган Рафаэл Леау якуний ҳисобни ўрнатди – 5:0.

Португалия – буткул бошқа лигада эканини намойиш этди. Роналду эса шу ёшда ҳам тўхташни истамаяпти. Ўйиндан кейин камераларга қарата шундай деди: «Мен қайтдим!»

Ҳусанов эса ўйиндан кейин кўз ёшларини тия олмади, уни «Манчестер Сити»даги собиқ жамоадоши Бернарду Силва юпатишига тўғри келди.

Умуман, Ҳусанов ўйинни ёмон ўтказмади: тўпга 39 тегиниш, 25 тадан 22 та аниқ узатма, тўрт марта тўпни олиб қўйиш, тўрт марта тўпни эгаллаш, битта блокланган зарба ва уч марта тўпни узоқлаштириш.

Жодуланган Кейн

Англия – Гана 0:0
Англия: Пикфорд, Конса, Гейи, Спенс (О`Райли, 66), Жеймс, Райс, Андерсон (Эзе, 74), Беллингҳэм (Роджерс, 73), Гордон (Сака, 65), Мадуэке (Рэшфорд, 83), Кейн
Гана: Асаре, Аджети, Опоку, Менса, Сенайя (Пепра Оппонг, 87), Парти, Йиренкий, Сибо, Семенйо, Иняки Уилямс (Фатаву, 66), Айю (Аду, 67, Баба, 90)
Огоҳлантиришлар: Райс, 41 – Иняки Уилямс, 60

Гуруҳ босқичининг 1-турида инглизлар хорватлар билан шоу уюштириб беришганди (4:2). Аммо Ганага қарши баҳсда мухлислар кутган ўйин бўлмади – бу ўйинда бирорта гол урилмади ва Англия муддатидан олдин гуруҳ босқичи масаласини ҳал қила олмади.

Карлуш Кейруш бошчилигидаги африкаликлар илк дақиқалардан 4-5-1 схемасида чуқур ҳимояланишди ва рақибга бўш зоналар қолдиришмади. Томас Тухел шогирдлари фақат стандарт вазиятлардан омадини излашга мажбур бўлди, лекин бу ҳам иш бермади.

Инлизлар биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш бўйича 81 га 19 фоиз, узатмалар бўйича 347-98, зарбалар бўйича 6-0 нисбатида устунликка эришишди,, аммо бу зарбалардан бирортаси дарвоза соҳасига тўғри бормади.

Танаффусдан кейин инглизлар рақибни ўзига чорлаш учун орқароққа қайтишди, аммо ганаликлар бу тузоққа тушмади. Иккинчи бўлим давомида Тухел Сака, Эзе, Роджерс ва О'Райли каби футболчилар ҳисобига ўйинни жонлантиришга ҳаракат қилди, аммо картина ўзгармади.

Аксинча, иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида ганаликларда кетма-кет иккита хавфли вазият юзага келди. Аввалига Аду дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо Пикфорд жарима майдонини ташлаб чиқиб, хавфни бартараф этди. Кейин эса ушбу футболчининг ҳужумини ҳимоячи Конса подкат билан тўхтатиб қолди.

Англия сўнгги дақиқаларда штурм уюштиришга ва хавфли вазиятлар яратишга муваффақ бўлди. Аввалига Сака айланма зарбаси билан ганалик мухлислар юрагига ғулғула солди, кейин эса О'Райлининг яқин масофадан йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсиндан қайтди, аммо қайтган тўпга Кейн тўғри зарба бера олмади.

Шу паллада кўпчилик ганалик шаман Нана Кваку Бонсамни ёдга олди – у ўйиндан олдин инглизлар форвардини лаънатлаганини айтганди.

«Мен Кейн бўйича ишлаяпман. Унга жиддий жароҳат тиламайман – у менинг мамлакатимга қарши ўзини кўрсата олмаслиги учун енгил таъсир етарли бўлади», – деганди у.

Голсиз дурангни ганаликлар ғалабадек нишонлашди – бу натижа амалда жамоага плей-оффни кафолатлайди. Тухел эса бундай сценарий учун нимадир ўйлаб топиши керак бўлади – турнир давомида унинг жамосига қарши шундай услубда ҳаракат қиладиган жамоалар ҳали яна бўлади.

Панама турнир билан хайрлашди

Панама – Хорватия 0:1
Гол:
Будимир (54).
Панама: Москера, Мурилло, Рамос (Уотерман, 71), Кордоба, Андраде, Блэкмен (Дэвис, 90), Мартинес, Ҳарви, Барсенас (Родригес, 90), Родригес, Фажардо (Лондоно, 83).
Хорватия — Ливакович, Станишич, Шутало, Понграчич, Гвардиол (Крамарич, 46), Модрич (Марио Пашалич, 81), Ковачич (П.Сучич, 72), Марко Пашалич (Л.Сучич, 72), Батурина, Перишич, Муса (Будимир, 46).
Огоҳлантиришлар: Барсена (61), П.Сучич (90+2).

Панама биринчи турда Ганадан атиги битта гол ўтказиб юборганди. Хорватия билан ўйин тақдирини ҳам ягона гол ҳал қилди. 

КОНКАКАФ вакиллари анча вақтгача номдор рақибларнинг босимига дош бериб турди, шу куни миллий жамоадаги 200-ўйинини ўтказган Лука Модрич ҳам бу ҳимояга қарши ҳеч нарса ўйлаб тополмади, аммо иккинчи бўлим бошларида европаликлар барибир ўз мақсадига эришди – Марко Пашалич тўпни товони билан Йосип Станишичга етказди, унинг олис бурчакка йўллаган зарбаси устундан қайтди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Будимир ғалаба голини урди.

Ўйинда шу ҳисоб сақланиб қолди ва Панама охирги тур натижасидан қатъи назар турнир билан хайрлашадиган бўлди. Сўнгги турда Англия Панама билан (28 июн), Гана – Хорватияга қарши майдонга чиқади.

Колумбиядан ёрдам

Колумбия – Конго ДР 1:0
Гол:
Дэниел Муниос (76)
Колумбия: Варгас, Муниос, Санчез, Лукуми, Моҳика, Пуэрта, Лерма, Ариас (Риос 78), Родригез (Кинтеро 58) Суарез (Кордоба 58) Диаз.
​Конго ДР: Мпаси-Нзау, Бакамбу (23. Банза, 58), Висса, Кайембе (Пикел, 72) Мутуссами (Мбуку 82), Мукау (Садики 46), Масуаку (Кайембе, 72) Капуади, Туанзебе, Мбемба, Ван-Биссака
Огоҳлантиришлар: Лукуми (56), Лерма (90+4) – Пикел (90+4).

Конго ДР биринчи турда жаҳон чемпионатидаги кутилмаган натижалардан бирини қайд этиб, юлдузли Португалиядан очко тортиб олганди (1:1). Аммо ушбу жамоанинг Луис Диаз бошчилигидаги колумбияликларга кучи етмади.

Жанубий Америка вакиллари илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олиб, бирин-кетин хавфли вазиятлар яратишди. 19-дақиқага келиб зарбалар статистикаси 8:1 кўринишида бўлгани ҳам кўп нарсани англатади (таққослаш учун, португаллар ўйин давомида жами 7 бор зарба беришганди).

Африкаликларнинг 31 ёшли дарвозабони Лионел Мпаси-Нзо биринчи бўлим давомида 6 бор сейв ижро этди. У иккинчи бўлимда ҳам қаҳрамонлик кўрсатишда давом этди – Диас яна яқин масофадан туриб Мпаси-Нзони доғда қолдира олмади, Аряс эса дарвозабон ҳудудидан туриб бурчакка тўғри зарба беролмади.

76-дақиқага келибгина конголиклар девори бузиб ўтилди – ўтган турда ўзбекистонликлар дарвозасига ҳам гол урган ҳимоячи Кристиан Муниос Хуан Кинтеронинг узатмасидан кейин қулай вазиятга чиқиб бориб, тўпга бир тегинишда дарвозани ишғол этди. 

Қолган вақт давомида ўйин ҳаками Диаснинг икки голини бекор қилди. Биринчи ҳолатда «Бавария» вингери тўпни Мпаси-Нзо устидан ошириб ташлаганди, аммо бундан олдин рақиб ҳимоячисини қўли билан туртгани маълум бўлди. Иккинчи эпизодда эса микроскопик офсайд қайд этилди.

Бу ғалаба орқали Колумбия Ўзбекистон учун имконият қолдирди. Агар бугун конголиклар ғалаба қозонганида ўзбекистонликлар сўнгги тур натижаларидан қатъи назар тўртинчи ўриндан юқорига кўтарила олмаган бўларди.

Энди 3-турда мухлисларни суперўйин кутмоқда – Колумбия Португалияга қарши гуруҳ ғолиблиги учун кураш олиб боради. Плей-офф масаласини ҳал қилиб бўлган жанубий америкаликларга биринчи ўрин учун дуранг ҳам етарли бўлади.

Ўзбекистон эса гуруҳдан чиқиш учун Конгони имкон қадар йирик ҳисобда мағлуб этиши ва бошқа гуруҳларда ўзи учун керакли натижалар қайд этилишини кутиши керак бўлади.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид