Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Санкциялар юмшатилиши Россия нефт экспортига туртки берди
Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Россия сўнгги ҳафтада денгиз орқали нефт экспорт қилиш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, 2026 йил бошидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичга эришди. Бу ҳолат АҚШнинг Эронга нисбатан санкцияларни юмшатиши ва жаҳон нефт бозорида рақобат кучайиши шароитида юз бермоқда.
15–21 июн кунлари оралиғида 38 та нефт танкерига жами 28,79 миллион баррел Россия нефти юкланган. Бу бир суткада ўртача 4,11 миллион баррель нефт экспорт қилинганини англатади. Bloomberg таҳлилчилари буни 2026 йил бошидан буён қайд этилган энг юқори ҳафталик натижа сифатида баҳоламоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Россиянинг нефт экспорти ҳажми Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейинги йиллардаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам ошиб кетган. Шунингдек, Россия нефти танкерларда узоқ вақт кутиб қолмаётгани, балки харидорларга фаол равишда етказиб берилаётгани таъкидланган.
Санкциялар вақтинча юмшатилди
Bloomberg таъкидлашича, экспорт ҳажмининг ўсишига АҚШ томонидан Россия нефтига нисбатан айрим санкцияларнинг вақтинча юмшатилиши ҳам таъсир кўрсатган. Вашингтон бундай қарорни Эрон билан боғлиқ ҳарбий можаро туфайли Ҳўрмуз бўғозида юзага келган хавфлар ва эҳтимолий ёнилғи инқирозининг олдини олиш мақсадида қабул қилган.
Натижада денгизда бўлган Россия нефтини ташишга нисбатан айрим чекловлар вақтинча бекор қилинган. Бу имтиёз 17 июнгача амал қилган бўлса-да, унинг яна узайтирилиши ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган.
Экспорт кўпаймоқда, аммо даромадлар камаймоқда
Экспорт ҳажмининг рекорд даражага чиқиши Россия учун юқори даромадларни англатмаяпти. Чунки жаҳон бозорида нефт нархлари сезиларли равишда пасаймоқда.
Бунинг асосий сабабларидан бири — АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми бўлиб, у Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилишига ва Эрон портларидаги чекловларнинг бекор қилинишига олиб келди. Натижада Эрон нефти халқаро бозорга яна қайтди ва таклиф ҳажми ошди.
Шу туфайли жаҳон нефт нархлари тахминан 16 фоизга арзонлашган.
Argus Media ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг асосий экспорт навлари ҳисобланган Urals ва ESPO нефти нархи бир ҳафта ичида қарийб 20 фоизга тушиб кетган.
Россия янада кўпроқ хом нефт экспорт қилиши мумкин
Bloomberg яна бир омилга эътибор қаратади. Сўнгги вақтларда Украина қуролли кучлари томонидан Россия нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ)га қилинган ҳужумлар сони ортиб бормоқда.
Агар бу ҳолат давом этса, Россия ички бозорда нефтни қайта ишлаш ўрнига уни хом ашё сифатида кўпроқ экспорт қилишга мажбур бўлиши мумкин. Бу эса Россия нефтининг халқаро бозорда янада арзонлашишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳиндистон бозори учун рақобат кучаймоқда
Мутахассислар фикрича, Эрон нефтининг бозорга қайтиши Россия учун яна бир жиддий муаммони келтириб чиқариши мумкин. Хусусан, Эрон нефти Ҳиндистон бозорида Россиянинг асосий экспорт навларидан бири бўлган Urals нефти ўрнини босиши эҳтимоли мавжуд.
Ҳиндистон ҳозирда Россия нефтининг энг йирик харидорларидан бири ҳисобланади. Шу боис ушбу бозорни сақлаб қолиш учун Москва харидорларга қўшимча чегирмалар таклиф қилишга мажбур бўлиши мумкин.
Таҳлилчиларнинг фикрича, келгуси ойларда Россия нефт экспорти ҳажми юқори бўлиб қолиши мумкин, аммо нархлар пасайиши ва рақобатнинг кучайиши туфайли нефт савдосидан тушадиган даромадлар босим остида қолиши эҳтимоли юқори.
Мавзуга оид
09:55
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
16:29 / 23.06.2026
Свердловск областида қуюн ҳодисаси кузатилди – фотолар
10:30 / 23.06.2026