Ўзбекистон | 14:31
1775
1 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов биринчи ўринбосарга айланди. Шу пайтгача президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили бўлинмасида ишлаган Умаржон Эгамбердиев вазир ўринбосари бўлди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Президент қарори билан Умид Маҳмудович Мамадаминов энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Умид Мамадаминов 1983 йил 24 январда Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини (бакалавр), 2015 йилда АҚШнинг Орегон технология институтини тамомлаган.

Мамадаминов 2023 йил августидан буён энергетика вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

У 2024 йил 29 мартидан буён энергетика вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Маматкаримовнинг ўрнини эгаллади. Вазирлик жамоаси бошқа ишга ўтиши муносабати билан Маткаримовга миннатдорлик билдирган.

Вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Бахтиёр Маматкаримов

Шунингдек, Умаржон Усмоналиевич Эгамбердиев вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.

Умаржон Эгамбердиев бунга қадар президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили бўлинмасининг етакчи инспектори лавозимида фаолият юритган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид