Жаҳон | 08:30
3925
3 дақиқада ўқилади

Венесуэлада кучли зилзила рўй берди, Каракасда бинолар қулади

Венесуэлада 24 июн куни бир дақиқа ичида 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила содир бўлди. Табиий офат оқибатида пойтахт Каракасда турар жой бинолари ва бошқа иншоотлар вайрон бўлган. АҚШ Геология хизмати қурбонлар сони ўн минглаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Фото: Manaure Quintero / AFP via Getty Images

Венесуэланинг шимолий ва марказий ҳудудларида маҳаллий вақт билан 24 июн куни кечқурун кетма-кет икки кучли зилзила қайд этилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, пойтахт Каракасда кўп қаватли уйлар ва бошқа бинолар қисман ёки тўлиқ қулаган.

Табиий офат ортидан мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес барча тезкор хизматлар юқори шайлик режимига ўтказилганини маълум қилди.

АҚШ Геология хизмати (USGS) дастлабки баҳолашига кўра, табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 мингдан 100 минг нафаргача етиши мумкин. Бироқ Венесуэла расмийлари ҳозирча қурбонлар ва жабрланганлар сони ҳақида расмий маълумот бермаган.

Маълум қилинишича, биринчи зилзила маҳаллий вақт билан тахминан соат 18:00 да содир бўлган ва унинг магнитудаси 7,2 ни ташкил этган. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмай иккинчи, 7,5 магнитудали зилзила қайд этилган.

Биринчи зилзиланинг эпицентри Кариб денгизи соҳилида жойлашган Морон шаҳридан 28 километр ғарбда, Каракасдан эса тахминан 168 километр узоқликда бўлган. Зилзила ўчоғи 13 километр чуқурликда жойлашган. Иккинчи зилзиланинг эпицентри эса Морондан 16 километр узоқликда, 10 километр чуқурликда қайд этилган.

Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабелонинг айтишича, ёнғин-қутқарув хизматлари, полиция ва бошқа махсус бўлинмалар вайроналарни тозалаш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ишларини барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда давом эттирмоқда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кучли силкинишлардан кейин одамлар оммавий равишда биноларни тарк этган. Айрим кўп қаватли уйларнинг ташқи деворлари қулагани сабабли хонадонлардаги мебеллар кўчадан кўриниб қолган.

Фото: REUTERS

Ижтимоий тармоқларда Каракас халқаро аэропорти ва Кариб денгизи соҳилидаги Ла-Гуайра шаҳридаги вайроналар акс этган видеолар тарқалди. Кейинчалик расмийлар аэропорт вақтинча ёпилганини тасдиқлади.

Ҳукумат маълумотига кўра, асосий зилзилалардан кейин камида 20 та афтершок кузатилган. Шу муносабат билан мамлакат парламентининг 25 июнга белгиланган ялпи мажлиси ҳам бекор қилинди.

АҚШ Цунами огоҳлантириш маркази дастлаб Пуэрто-Рико, Виргин ороллари ҳамда Аруба, Кюрасао ва Бонайре ороллари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган эди. Бироқ вазият қайта баҳолангач, тахминан бир соат ўтиб ушбу огоҳлантириш бекор қилинди.

Мутахассислар таъкидлашича, Венесуэла Кариб ва Жанубий Америка тектоник плиталари туташган сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани боис, мамлакатда кучли зилзилалар тез-тез содир бўлиб туради.

Айни пайтда Япониянинг Хонсю ороли шимоли-шарқий соҳиллари яқинида ҳам 6,9–7,2 магнитудали яна бир кучли зилзила қайд этилди. Ҳозирча у ерда қурбонлар ёки жиддий вайроналар ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид