Ўзбекистон | 12:29
1035
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёнғинга қарши алоҳида режим: нималар қилинади?

Тошкент шаҳрида 15 сентябргача ёнғинга қарши алоҳида режим жорий этилди. Умумий овқатланиш жойларида овқат пишириш учун пропандан фойдаланиш тақиқланмоқда. Куннинг энг иссиқ вақтида (соат 11:00 дан 17:00 гача) пропан ва бензин шохобчаларида ёнилғи тўкишга йўл қўйилмайди. Муҳандислик тармоқлари ёнғинга қарши текшириб чиқилади, носоз гидрантлар тузатилади, ноқонуний шлагбаумлар олиб ташланади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокимининг 22 июн кунги қарори билан, шаҳарда 2026 йил 15 сентябрга қадар амал қиладиган ёнғинга қарши алоҳида режим жорий этилди.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Мухтор Муҳиддиновга ташкилот ва корхона раҳбарларининг ёнғинга қарши профилактика йўналишида шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Бозорлар ва кафе-ресторанлар

Алоҳида режим доирасида бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида таом тайёрлаш мақсадида маиший суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Умумий овқатланиш шохобчаларига қонунчилик талабларига зид равишда табиий газ тармоқлари ва тизимларининг киритилиши қатъиян тақиқланади ҳамда бу борада назорат кучайтирилади.

Бозорлар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар ҳудудини электр энергияси билан таъминловчи трансформаторлар, электр тақсимлаш қутилари, сим ва кабелларнинг амалдаги истеъмол қувватига мувофиқлиги ҳамда хавфсизлик қоидаларига жавоб бериши тўлиқ ўрганилади.

Ўрганиш давомида кабел-сим маҳсулотлари лаборатория синовларидан ўтказилади, шунингдек, узоқ муддат фойдаланилганлиги сабабли изоляция қатлами эскирган ва шикастланган сим ҳамда кабелларни янгисига алмаштириш чоралари кўрилади.

Ёнилғи қуйиш шохобчалари

Қарорга кўра, Тошкент шаҳридаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ, АГТКШ, АГКШ) қонуний текширувлар ўтказилади.

Айниқса, пропан ва бензин қуйиш шохобчаларида ҳаво ҳарорати юқори бўлган куннинг иссиқ вақтида (соат 11:00дан 17:00га қадар) катта сиғимли транспорт воситаларида ёқилғи ташиш ҳамда шохобчанинг ер ости ҳамда ер усти сиғимларига ёқилғи қуйиш ва тўкиш ишларининг амалга оширилишига қатъий чек қўйилади.

Суюлтирилган газ тўлдириш шохобчаларида ёқилғи ташувчи цистерналарни (МАН, КАМАЗ ва ҳ.к.) тўғридан тўғри улаган ҳолда енгил автотранспорт воситаларига газ қуйиш қатъиян тақиқланади; бундай хавфли ҳолатлар аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланади ва шохобчалар фаолияти тўхтатилади.

Маҳаллалар ва аҳоли уйларида

Маҳаллалардаги ички кўчалар, кўп қаватли уйлар ва объектлар ҳудудларида махсус автотранспорт воситаларининг (ёнғин-қутқарув, тез тиббий ёрдам ва ҳ.к.) эркин ҳаракатланишини чеклаб қўйган сунъий тўсиқ (шлагбаум)лар ва шу каби бошқа ғовларни аниқлаш ҳамда ноқонуний қурилмаларни белгиланган тартибда бартараф этиш чоралари кўрилади.

Уйлардаги умумий электр тарқатиш қутиларида номинал ток кучидан юқори бўлган ҳимоя автоматлари ва қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш ҳолатларига бутунлай барҳам берилиши керак.

Печ ва дудбуронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларни жалб қилган ҳолда, аҳоли хонадонларидаги ҳамда кўп квартирали уйлардаги электр қурилмалари, газ таъминоти қурилмалари, сув иситиш қозонлари, дудбурон ва шамоллатиш (вентиляция) тизимларининг ҳолатини тўлиқ техник кўрикдан ўтказиб, аниқланган барча нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Ёнғинга қарши гидрантлар ва сув ҳовузлари

Алоҳида режим доирасида:

  • шаҳар ҳудудида носоз ҳолатдаги ёнғинга қарши гидрантлар ва сув ҳовузлари тўлиқ аниқланиб, зудлик билан таъмирланади;

  • янгидан барпо этилаётган аҳоли яшаш пунктлари ва массивларида шаҳарсозлик норма ҳамда қоидалари талабларига қатъий риоя этилган ҳолда, ёнғинга қарши сув таъминоти тизимларининг (ёнғин гидрантлари ва сув ҳовузларининг) тўлиқ ва соз ҳолатда топширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади;

  • ёнғинга қарши ташқи сув таъминоти манбалари чекланган ёки сувсиз ҳудудлари мавжуд бўлган туманларда, туман ободонлаштириш бошқармалари тасарруфидаги махсус сув ташиш техникаларининг (водовоз) кун-у тун (24 соатлик) навбатчилиги йўлга қўйилади;

  • ёнғинга қарши сув таъминоти тизими бўлмаган, сувсиз ҳудудларда сунъий ёнғин ўчириш сув ҳавзаларини ташкил этиш, шунингдек, мавжуд табиий сув манбаларидан (каналлар, ариқлар) ёнғин-қутқарув техникалари орқали сув олиш учун махсус майдончалар (пирслар) барпо этиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига асослантирилган таклифлар киритилади.

Бошқа вазифалар

Масъул ташкилотларга:

  • аҳоли пунктлари ва очиқ майдонларда ёнишга мойил бўлган бегона ўтлар, қуриган ўсимликлар ва маиший чиқиндилар тўпланиб қолган жойларни аниқлаб, зудлик билан тозалаш;

  • ўта муҳим ва тоифаланган объектларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини барқарор таъминлаш ҳамда тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш;

  • пойтахтдаги 47 та мактабда ташкил этилаётган “Кундузги оромгоҳлар”да болалар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган барча зарурий чораларни кўриш топширилди.

Тарғибот ишлари кучайтирилади

Алоҳида режим доирасида аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тушунтириш, огоҳлантириш ва йўл-йўриқ кўрсатиш ҳамда тавсиялар беришга қаратилган профилактика тадбирлари кескин кучайтирилади.

Бунда асосий эътибор совитиш кондиционерлари ва бошқа маиший электр жиҳозларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларига қаратилади.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид