Таълим | 10:15
1226
2 дақиқада ўқилади

Олий тоифали ўқитувчилар мақсадли магистратурага қабул қилинади

Ўзбекистонда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган олий малака тоифасига эга ўқитувчилар учун педагогика соҳасида мақсадли магистратура тизими жорий этилади. Улар ишдан ажралмаган ҳолда масофавий таълим шаклида таҳсил олиш имконига эга бўлади.

Ҳукуматнинг «Умумий ўрта таълим ташкилотларининг олий малака тоифасига эга ўқитувчиларини педагогика соҳасида магистратурага ўқишга мақсадли қабул қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги 322-сон қарори 2026 йил 24 июн куни қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, умумий ўрта таълим ташкилотларида ишлаётган ҳамда халқаро аккредитацияланган тизимда олий малака тоифасига эга ўқитувчилар педагогика йўналиши бўйича магистратуранинг масофавий таълим шаклида ташкил этиладиган мақсадли дастурига қабул қилинади.

Мақсадли магистратурага қабул амалдаги магистратурага қабул қилиш тартиби асосида амалга оширилади.

Шунингдек, ушбу дастурга қабул қилинган ўқитувчилар:

  • ишдан ажралмаган ҳолда масофавий шаклда таҳсил олади;

  • магистратурани тамомлаганидан сўнг камида 3 йил умумий ўрта таълим муассасаларида меҳнат фаолиятини давом эттириш мажбуриятини олади.

Қарорда яна бир муҳим жиҳат белгиланган. Мақсадли магистратурага қабул қилинган олий тоифали ўқитувчиларга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 15 августдаги 447-сон қарори билан назарда тутилган тўлов-контракт маблағини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби татбиқ этилмайди.

Мазкур тизим 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида йўлга қўйилади.

Ҳукумат қарори олий тоифали ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини янада ошириш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини юксалтириш ҳамда умумий ўрта таълим тизими учун юқори малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид