Жамият | 09:55
839
1 дақиқада ўқилади

Чирчиқда каналга тушиб кетган фуқаро қутқариб қолинди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Бўзсув каналига тушиб кетган фуқаро Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари томонидан тезкорлик билан қутқарилди. Жабрланувчига воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифокорларга топширилди.

26 июн куни соат 09:50 атрофида Чирчиқ шаҳрининг Дўстлик маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналида сув оқимида оқиб кетаётган фуқаро аниқланди.

Дастлаб уни Камолот ГЭС ходимлари пайқаб қолган. Улар зудлик билан ҳолат ҳақида Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берган.

Хабардан сўнг қутқарувчилар қисқа вақт ичида воқеа жойига етиб келиб, сувга шўнғиган ҳолда фуқарони қирғоққа олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Жабрланувчига воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва у кейинчалик шифокорлар назоратига топширилган. Маълум қилинишича, ҳозирда унинг аҳволи яхши.

Дастлабки маълумотларга кўра, фуқаро эҳтиётсизлиги сабабли каналга тушиб кетган. У сузишни билмагани учун кучли сув оқимида оқиб кетган.

Фавқулодда вазиятлар хизмати фуқароларни сув ҳавзалари яқинида эҳтиёткор бўлишга, хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид