Жамият | 14:49
1255
5 дақиқада ўқилади

Инсониятни вабо эмас, бефарқлик мағлуб қилади | 5 дақиқа

Агар сиздан инсониятнинг энг катта душмани нима, деб сўрашса, эҳтимол уруш, очлик ёки касаллик деб жавоб берарсиз. Албер Камю эса бу саволга бошқачароқ жавоб беради. У - инсоннинг ёвузликка кўникиб қолишини энг оғир кулфат дея баҳолайди. Чунки уруш ҳам, диктатура ҳам, эпидемия ҳам бир куни тугайди. Аммо одамлар ёмонликни оддий ҳол деб қабул қила бошласа, ҳақиқий фалокат ана шунда бошланади.

Асар воқеалари Алжирнинг Оран шаҳрида содир бўлади. У ерда ҳаёт одатдагидек давом этарди. Бироқ бир куни кўчаларда ўлик каламушлар пайдо бўлади.

Аввалига ҳеч ким бу ҳолатга аҳамият бермайди. Кейин эса одамлар касаллана бошлайди. Иситма, оғриқ… Бирин-кетин ўлимлар.

Шунда ҳам шаҳар раҳбарлари хавфни тан олишга шошилмайди. Чунки «вабо» деган сўзни айтишнинг ўзи катта иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келарди. Туризм тўхтайди, савдо бузилади, одамлар ваҳимага тушади.

Барибир Оран шаҳри бутунлай ёпилади. Бир кунда минглаб одамлар ўз яқинларидан ажралиб қолади. Кимдир онасини кўролмайди. Кимдир фарзандига етиб боролмайди. Кимдир севган инсони билан хайрлашишга ҳам улгурмаган.

Шу ерда романнинг асосий қаҳрамони - доктор Бернард Риё пайдо бўлади. У ҳар куни касалхонага боради. Беморларни қабул қилади. Ўлганларни кўради. Яна янги беморларни қабул қилади. Унинг бутун қаҳрамонлиги шунда.

Риё яхши биларди: бу касалликни тўхтатиш қийин. Балки иложсиз ҳамдир. Аммо у курашдан тўхтамайди. 

Роман давомида бошқа қаҳрамонлар ҳам пайдо бўлади. Журналист Раймонд Рамбер дастлаб шаҳардан қочишга ҳаракат қилади. Унингча, бу офат унга тегишли эмас. У фақат Парижга, севган аёлининг олдига қайтишни истайди.

Аммо вақт ўтгани сайин Рамбер бошқа ҳақиқатни англайди. Агар атрофингдагилар ҳалокат билан юзма-юз қолганда сен фақат ўзингни ўйласанг, кейин ўша бахт ҳам сенга татимайди. У шаҳардан қочиш имконияти пайдо бўлганида ҳам қолишга қарор қилади.

Жан Тарру эса бутун роман давомида дафтарига кузатишларини ёзиб боради. Аммо Таррунинг мақсади воқеаларни қайд этиш эмас. У инсон қандай қилиб ёвузликнинг бир қисмига айланиб қолишини тушунишга ҳаракат қилади.

Асарни ўқиркансиз, руҳоний Панлюни ҳам яхши эслаб қоласиз. У дастлаб минбардан туриб вабони Худонинг одамларга юборган жазоси сифатида талқин қилади. Унингча, бу фалокат гуноҳлар учун берилган жазодир ва инсонлар тавба қилиши керак.

Аммо бир куни у доктор Риё билан бирга оғир азоб ичида вафот этаётган боланинг сўнгги лаҳзаларини кўради. Боланинг ўлими ҳеч қандай фалсафа билан изоҳланмайди. Бу ерда диний баҳс ҳам, илмий баҳс ҳам бир лаҳзага маъносини йўқотади. Фақат бир савол қолади: айбсиз инсон нега азоб чекиши керак?

Доктор Риё эса Худо билан баҳс қилмайди. Тақдирдан нолимайди. У бир фикрни такрорлайди: агар болалар азоб чекса, бегуноҳлар жабрланса, мен бу азобга қарши курашишим лозим. Камю учун инсонпарварлик айнан шу нуқтадан бошланади.

Асарда яна шундай қаҳрамонлар борки, улар халққа келган бу кулфатдан қувонишади, даромад қилишади. Улар ҳақида гапириб ўтирмайман, олти йил аввал, пандемия даврида шу тоифа одамларни ҳам кўрдик.

Шаҳарда ҳаёт аста-секин фақат рақамларда қолади. Бугун нечта одам ўлди? Эртага-чи? Одамлар аза тутишга ҳам улгурмай қолади. Ўлим оддий янгиликка айланади.

Шу ўринда жуда оғир ички иқрорга келасиз. Яъни инсон ҳамма нарсага кўникади. Ҳатто фожиага ҳам. 

Ойлар давом этган курашдан кейин вабо чекина бошлайди. Дарвозалар очилади. Поездлар яна қатнайди. Одамлар бир-бири билан яна аввалгидек қучоқлашиб кўришади.

Камюнинг романида шундай огоҳлантириш бор: вабо ҳеч қачон бутунлай йўқолмайди. У йиллар давомида жим ётиши мумкин. Кейин эса одамлар ўзини хавфсиз деб ўйлаган куни яна қайтиб келади...

Бир сўз билан айтганда, «Вабо» романи касалликдан қандай қутулиб қолиш ҳақида баҳс юритмайди. Бу асар бизга энг оғир вазиятларда ҳам инсон бўлиб қолишни ўргатади.

Дарвоқе, Доктор Риёни бутун роман давомида баландпарвоз нутқ сўзлаганига гувоҳ бўлмайсиз. У шунчаки ўз ишини бажаради. Балки Камюнинг энг катта ғояси ҳам шу ердадир. Дунёни ҳар доим ҳам машҳур қаҳрамонлар эмас, ўз вазифасини ҳалол бажарадиган оддий инсонлар сақлаб қолади.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид