Иқтисодиёт | 10:30
1253
2 дақиқада ўқилади

Энди кино соҳасидаги тадбиркорлар хавф даражаси бўйича баҳоланади

Кинематография соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари энди «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизими орқали хавф даражаси бўйича баҳоланади. Янги тартиб текширувларни хавф даражасига қараб ташкил этиш ва назорат жараёнларини автоматлаштиришни назарда тутади.

Маданият вазирининг буйруғи билан Кинематография соҳасидаги ваколатли давлат органининг тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш фаолиятида «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизимини жорий этиш тартиби тасдиқланди. Ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Низомга мувофиқ, тизим тадбиркорлик субъектларида қонунчилик талаблари бузилиши хавфини автоматик тарзда баҳолайди. Бунинг учун давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади. Бунда тадбиркорлардан қўшимча ҳужжат ёки маълумот талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Электрон тизимда баҳолаш «балл» тизими асосида амалга оширилади ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик хавфи юқори, ўрта ёки паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади.

Шу билан бирга, электрон тизим томонидан аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмайди. Хавф таҳлили жараёни тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги ва унинг фаолиятига бевосита аралашувга сабаб бўлмаслиги белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид