Иқтисодиёт | 09:35
338
2 дақиқада ўқилади

Янги тадбиркорларга солиқ ҳисоботини топшириш хизмати бепул бўлади

Ўзбекистонда янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати дастлабки 6 ой давомида бепул йўлга қўйилади. Янги тартиб 2026 йил 1 июлдан амал қилади.

Фото: iStock

Бу ҳақда президентнинг “Солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига уларнинг ихтиёрига биноан дастлабки олти ой мобайнида солиқ ва молиявий ҳисоботларни юбориш хизмати “Soliq-servis” акциядорлик жамияти томонидан бепул амалга оширилади.

Ҳужжатда солиқ хизматлари сифатини яхшилаш, солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг Business ready рейтингида солиқ йўналиши бўйича биринчи даражага чиқиш асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан текширувдан олдинги таҳлил жараёнида аниқланган тафовутлар бўйича аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки асословчи ҳужжатларни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.

Бундан ташқари, солиқ хавфи ўрта даражада бўлган солиқ тўловчиларга аниқланган хавфлар ҳақида хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Агар тадбиркор аниқланган камчиликларни бир ой ичида бартараф этса, унга нисбатан солиқ текшируви ўтказилмайди.

2026 йил 1 августдан эса солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий қилиниб, солиқ тўловчиларга хизматлар сифати ва қулайлигини баҳолаш имконияти яратилади.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид