Жамият | 09:01 / 02.06.2026
1499
1 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси тадбиркорларни хавф даражаси бўйича баҳолайди

Рақобат қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларида текширувларни янада шаффоф ва манзилли ташкил этиш мақсадида «хавфни таҳлил этиш» электрон тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Янги тартибга кўра, тадбиркорлар ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимолига қараб хавф даражалари бўйича таснифланади.

Фото: Kun.uz

Низом лойиҳасига мувофиқ, электрон тизим рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама, давлат харидлари ҳамда товар-хом ашё биржалари фаолияти соҳаларида қонунчилик бузилиши хавфини баҳолаш учун хизмат қилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, хавф таҳлили натижалари тадбиркорга нисбатан автоматик тарзда таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлмайди. Шунингдек, баҳолаш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Тизим доирасида тадбиркорлар юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига ажратилади. Юқори ва ўрта хавф гуруҳига кирувчи субъектларга нисбатан аввало профилактика тадбирлари ўтказилади, шундан кейингина зарурат бўлса текширув ташаббус қилиниши мумкин. Паст хавф тоифасидаги тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Лойиҳада текширувларнинг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида уларни «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш ҳамда Бизнес-омбудсманни хабардор қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид