Жамият | 10:25
1244
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик: Талабалар турар жойлари сотувга қўйилмаган

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ижтимоий тармоқларда талабалар турар жойлари оммавий савдога қўйилаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди. Вазирликка кўра, савдога талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки ётоқхоналар таркибидаги бўш турган ёрдамчи майдонлар чиқарилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабалар турар жойлари сотувга қўйилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Вазирликнинг таъкидлашича, оммавий савдога талабалар яшайдиган хоналар эмас, балки талабалар турар жойлари таркибидаги бўш турган ертўла, ҳовли қисми, ошхона, буфет ҳамда ётоқ жой сифатида фойдаланилмайдиган бошқа ёрдамчи майдонларни ижарага бериш учун объектлар қўйилган.

Хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Фарғона давлат университети, Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети, Фарғона давлат техника университети ва Термиз давлат университетидаги айрим бўш майдонлар оммавий савдолар орқали ижарага бериш учун жойлаштирилган. Мазкур объектлар талабалар яшайдиган хоналар ҳисобланмайди ва ётоқхоналардаги ўринлар сони қисқаришига сабаб бўлмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий педагогика университетининг талабалар турар жойи сотувга қўйилгани ҳақидаги хабарларга ҳам изоҳ берилди. Қайд этилишича, мазкур объект 2025 йилги хусусийлаштириш дастури доирасида оммавий савдога чиқарилган бўлиб, университетнинг мавжуд бинолари фақат Янги Тошкентда барпо этилаётган замонавий кампус тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилганидан кейин бўшатилиши шарти билан хусусийлаштирилади.

Вазирлик маълумотига кўра, янги кампусда замонавий ўқув бинолари ва 5 минг ўринли талабалар турар жойлари қурилмоқда. Лойиҳа университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда давлат-хусусий шериклик асосида режалаштирилган 8 минг ўрин ўрнига жами 11 084 ўринли талабалар турар жойлари ташкил этилган. 2022–2025 йиллар давомида эса республика бўйича 74,1 минг ўринли янги ётоқхоналар яратилган.

Айни пайтда республикада қўшимча 38,5 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шундан 30,7 минг ўринли объектларда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида давлат-хусусий шериклик асосида яна 10 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш режалаштирилган.

Вазирлик 2026 йил давомида республика бўйича яна 12 110 ўринли янги талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш режалаштирилганини ҳам маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид