Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳоли сони бўйича янги рақамлар: энг катта фарқ Тошкент вилоятида
Kun.uz рўйхатга олинган аҳоли сони ва жорий статистика ўртасида вужудга келган 810 минг кишилик тафовутни ҳудудлар кесимида тақсимлаб кўрди. Маълум бўлишича, 600 минг кишилик фарқ биргина Тошкент вилоятига тўғри келади. Шу билан бирга, 7 та ҳудудда рўйхатга олинган аҳоли сони ва жорий статистика ўртасидаги фарқ 1 фоизга ҳам етмайди.
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш натижасида мамлакатда доимий яшовчилар сони жорий демографик ҳисобдан 810 минг кишига кўпроқлиги маълум бўлди.
Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, шундан 602 минг кишилик фарқ – биргина Тошкент вилоятига тўғри келган.
2026 йил бошида вилоят аҳолиси 3,2 миллионга яқин деб ҳисобланган бўлса, рўйхатга олиш натижасида бу ҳудудда қарийб 3,8 миллион киши доимий яшаши ойдинлашди.
Шу тариқа, Тошкент вилояти 14 та ҳудуд орасида аҳоли сони бўйича 7-ўриндан 3-ўринга кўтарилди.
Рўйхатга олиш натижасида 5 та ҳудудда – Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида аҳоли сони расмий статистикага нисбатан камроқ чиқди.
7 та ҳудудда расмий статистика ва рўйхатга олиш натижасида аниқланган аҳоли сони ўртасидаги фарқ 1 фоизга етмаган. Яъни 14 та ҳудуднинг тенг ярмида аҳоли сони бўйича узоқ йиллик статистик хатолик даражаси 1 фоиздан камроқ бўлган. Хусусан, Бухоро вилояти бўйича фарқ 0,1 фоизни ташкил этмоқда.
Изоҳ: мазкур материалда (шу жумладан, рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари бўйича Статқўм материалларида ҳам) 2026 йил 1 январ ҳолати бўйича демографик статистика ва 2026 йил январ-феврал ойларида ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижалари ўзаро таққосланган, яъни таққосланаётган даврларда кичик бўлса-да тафовут бор.
810 минг кишилик фарқ қаердан келиб чиққан?
Миллий статистика қўмитаси изоҳига кўра, Ўзбекистонда доимий яшовчи сифатида рўйхатга олинган одамлар сони демографик статистикадан фарқли чиққани қуйидаги омиллар билан боғлиқ:
-
жорий ҳисоб-китоблар одатда туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилади;
-
аҳолининг ички ҳаракати, яшаш жойини ўзгартириши, вақтинча бошқа ҳудудда бўлиши ёки рўйхат маълумотларининг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳисоб-китобларда фарқ келтириб чиқариши мумкин;
-
рўйхатга олиш жараёнида уй хўжаликлари, турар жойлар ва манзилли объектлар бўйича маълумотлар тўғридан тўғри аҳолидан йиғилди;
-
онлайн рўйхатга олиш, OneID тизими, планшетлар ва геолокация маълумотларидан фойдаланиш қамровни кенгайтиришга хизмат қилди;
-
Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган хорижий фуқаролар ҳам рўйхатга олинди.
Халқаро тажрибада ҳам аҳолини рўйхатга олиш натижалари жорий аҳоли ҳисоб-китобларидан фарқ қилиши табиий ҳолат ҳисобланади.
Масалан, жорий аҳоли сони билан рўйхатга олиш натижалари ўртасидаги фарқ Канадада +3,15 фоиз, Қозоғистонда +1,6 фоиз, Россияда +1,12 фоиз бўлган. Айрим давлатларда эса рўйхатга олиш натижалари жорий ҳисоб-китоблардан пастроқ чиққан: Беларусда -0,7 фоиз, Австралияда -0,2 фоиз.
Ўзбекистонда мазкур фарқ +2,1 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич халқаро амалиётда кузатиладиган ҳолатларга мос бўлиб, рўйхатга олиш жараёни аҳоли ҳақидаги маълумотларни янада аниқлаштирганини кўрсатади.
Мавзуга оид
12:18
Рўйхатга олишда Ўзбекистон аҳолиси кўпроқ чиққанига изоҳ берилди
11:58
Кўп квартирали уйларда яшовчилар сони аввал айтилган расмий рақамлардан анча камлиги маълум бўлди
11:10
Ўзбекистон аҳолисининг 38,5 фоизи ҳали 20 ёшга тўлмаган
12:17 / 30.06.2026