Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖЧ анонси. Англия ва Белгия Африка вакилларига қарши
Гуруҳда Ўзбекистонни қолдириб кетган Конго ДР жамоаси турнир фаворитларидан бири билан нимчорак финал учун баҳс олиб боради.
1 июл куни кечқурун ва 2 июлга ўтар кечаси жаҳон чемпионати 1/16 босқичи доирасида Англия – Конго Д, Белгия – Сенегал ҳамда АҚШ – Босния ва Ҳерцеговина жуфтликлари иштирокидаги ўйинлар бўлиб ўтади.
Англия – Конго ДР
1 июл, 21:00. Mercedes-Benz Stadium, Атланта
Англия ва Конго ДР бунга қадар бирор марта ўзаро ўйнамаган. Бу ҳам ўйинга қўшимча интрига беради. Инглизлар – ушбу жуфтликда фаворит эканига шубҳа йўқ. Аммо конголикларни ҳам яққол аутсайдер деб бўлмайди: гуруҳ босқичида бу жамоа Португалия ҳужумчиларини тўхтатган (1:1). Британлар эса Африканинг бошқа бир жамоаси, Гана дарвозасига йўл тополмаганди (0:0).
Англия ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади, аммо азалий саволга жавоб топилмай қолди: рақиб чуқур ҳимояланадиган бўлса, қандай йўл тутилади? Гана билан ўйиндан кейин Томас Тухелга саволлар пайдо бўлди, унинг футболи тиғиз ҳимояга қарши ҳеч нарса қила олмаслиги ҳақида танқидлар янгради. Қолаверса, кейинги турда Панама ҳам қуйи блокда ҳимояланганида анча вақтгача дарвозага йўл топилмади ва фақат Беллингҳэмнинг маҳорати эвазига ҳимоя девори бузиб ўтилди.
Конголиклар ҳам рақибнинг камчиликларидан келиб чиқиб, ҳимоявий ўйин услубини танлаши тайин. Қолаверса, африкаликлар гуруҳ босқичида қарши ҳужумларда қандай ўйнашини намойиш этган, таркибда Европа чемпионатларида чиниққан кучли футболчилар етарлича.
Инглизлар бу рақиб тўсиғидан ўта олса, 1/8 финалда турнир мезбонларидан бири бўлган Мексикага рўбару келади. Чоракфиналдаги эҳтимолий рақиб Бразилия ва Норвегия жуфтлиги ғолиби бўлади.
Белгия – Сенегал
2 июл, 01:00. Lumen Field, Сиэтл
1/16 финалдаги энг интригали жуфтлик. Белгия ва Сенегал гуруҳ босқичини жуда қийин бошлади ва фақат охирги турга келиб илк ғалабаларига эришди. Икки жамоа ҳам учинчи турда бештадан гол уриб, йирик ҳисобларда ғалаба қозонди (рақиблар камтарона Янги Зеландия ва Ироқ бўлгани ҳам бунга сабаб). Ва шундай савол туғилади – бу бир лаҳзалик чақнашмиди ёки мотор энди қизиб ишга тушмоқдами?
Руди Гарсия сўнгги ўйинда Лукакуни захирада қолдирган ва Троссарга ишонч билдирган, «Арсенал» ҳужумчиси бу ишончни оқлаб, дубл расмийлаштирганди. Аммо Ромелу ҳам захирадан ўйинга қўшилган ва ўз номини таблога ёздириб қўйганди. Шундай экан, Руди Гарсия қаршисида қизиқ дилемма пайдо бўлади, у бу сафар ҳужум марказига кимни туширади. Аммо бу иккинчи даражали масала, асосий вазифа эса 35 ёшли Де Брюйне зиммасида, у Тилеманс ва Онана билан биргаликда майдон марказида назоратни таъминлаши талаб этилади.
Ҳимоя чизиғи эса у қадар ишончли кўринмаяпти, Теат, Меле, Де Кюйпер, Кастан каби футболчилар Мане, Жексон, Сарр, Ндиай каби юлдузлардан иборат ҳужум чизиғини тўхтатиши керак. Африкаликлар – бу сафарги жаҳон чемпионатининг энг вертикал ва тезкор жамоаларидан биридир, бу эса «олтин» авлоди билан сўнгги йирик турнирга келган белгияликлар учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
Бу жуфтлик ғолиби кейинги босқичда АҚШ – Босния ва Ҳерцеговина жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади, чоракфиналдаги эҳтимолий рақиблар Испания ёки Португалиядан бири бўлади, у ерда Белгия ҳам, Сенегал ҳам фаворит саналмайди.
АҚШ – Босния ва Ҳерцеговина
2 июл, 05:00. Levi's Stadium, Санта-Клара
Ушбу ўйин атрофидаги интригани америкалик журналист, ABC7 телеканали бошловчиси Эбигейл Велес қиздириб берди: у эфирда Боснияни харитадан топа олмаслиги, ушбу мамлакат ҳақида ҳеч нарса билмаслиги ва билишни ҳам истамаслигини айтди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари уни географияни билмаслик ва калондимоғликда айблашмоқда, босниялик футболчилар эса бундан хабардорлиги ва майдонга ўз мамлакати донғини дунёга ёйиш иштиёқида тушиши тайин.
Албатта, АҚШ – ушбу жуфтликда фаворит ва гуруҳ босқичининг сўнгги турида Туркиядан учралган мағлубият чалкаштирмаслиги керак, чунки ўшанда Почеттино майдонга иккинчи таркибни туширганди. Шундай экан, жамоанинг асосий футболчилари 1/16 финал ўйинига тетик ҳолда етиб келишади. Америкаликлар ўз ҳужумларини қанотлар орқали уюштиришга, майдон марказида тўпни олиб қўйиб, тезкор қарши ҳужумларга ўтишга ҳамда олдинги чизиқдаги Пулишич ва Балогунни тезкор тўп билан таъминлашга ҳаракат қилиши аниқ.
Ўз навбатида, Босния стандарт вазиятларга ва Махмич ҳамда Алайбегович каби ёш вингерларининг индивидуал маҳоратига таянади. Умуман, болқонликлар жамоаси гуруҳ босқичини кучли ўтказа олмади ва фақат аутсайдер Қатар билан ўйинда ўзини кўрсатди. Шундай экан, Сергей Барбарез шогирдлари кучли ҳужум чизиғига эга рақибга қарши ҳимоявий ўйин услуби танлаши ва қарши ҳужумлардан омадини излаши тайин. АҚШ учун бу ўйин етуклик синовига айланиши мумкин, Босниянинг эса йўқотадиган нарсаси йўқ, ушбу жамоа учун плей-оффда иштирок этишнинг ўзи катта натижа. Турнир мезбонларидан эса мухлислар кўп нарса кутишмоқда.
Ушбу жуфтлик ғолибига кейинги босқичда Белгия ва Сенегалдан бири рақиб бўлади. Шундай экан, агар АҚШ Босния тўсиғидан ўта олса, чоракфиналга бориш учун имконият юзага келади, бу эса жамоа учун катта муваффақият ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:46 / 22.05.2026
Англия ЖЧ-2026 учун «ҳайратланарли» таркибни эълон қилди
10:03 / 25.03.2025
ЖЧ-2026 саралаши. Англияда йирик ғалаба, янгиланган Литвадан ажойиб камбэк ва бошқа натижалар
20:54 / 14.07.2024
Испания рекорд арафасида, Англия тарихни янгилаши мумкин. Финал превюси
15:19 / 14.07.2024