Жаҳон | 11:20
2211
3 дақиқада ўқилади

Россия 7 та темирйўл чегара пункти фаолиятини тўхтатди

Россия ҳукумати 1 июлдан бошлаб Финландия, Эстония ва Латвия билан чегарада жойлашган тўққизта темирйўл ўтиш пунктининг еттитаси орқали одамлар, транспорт воситалари ва юклар ҳаракатини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Чекловлар қанча муддат амал қилиши ҳозирча маълум қилинмаган.

Фото: DW

Россия бош вазири Михаил Мишустин имзолаган тегишли қарор ҳуқуқий ахборотлар порталида эълон қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу қарор ҳақида Финландия, Эстония ва Латвия ҳукуматларини расман хабардор қилиши лозим.

Қарорга кўра, Финландия билан чегарадаги барча темирйўл ўтиш пунктлари вақтинча ёпилади. Улар қаторига Ленинград вилоятидаги «Виборг» ва «Светогорск», Карелиядаги «Вяртсиля» ва «Люття», шунингдек Санкт-Петербургдаги «Финландия» темирйўл пункти киради. «Росгранстрой» маълумотларига кўра, икки давлат ўртасида бошқа темирйўл чегара ўтиш пунктлари мавжуд эмас.

Эстония билан чегарада Псков вилоятида жойлашган «Печоры-Псковские» темирйўл пункти ёпилади. Ленинград вилоятидаги «Ивангород» юк ва йўловчи ташиш пункти эса ўз фаолиятини давом эттиради.

Латвия билан чегарада эса Псков вилоятидаги «Питалово» пункти орқали ҳаракат тўхтатилади. Шу билан бирга, «Себеж» юк-йўловчи пункти ишлашда давом этади.

Расмий ҳужжатда мазкур чекловлар қандай сабабларга кўра жорий этилганига изоҳ берилмаган. Шунингдек, уларнинг амал қилиш муддати ҳам очиқланмаган.

Шу билан бирга, Россиянинг Шимоли-ғарбий божхона бошқармаси Эстониянинг Нарва чегара пункти томонида Россияга киришни истовчиларнинг узун навбатлари юзага келганини маълум қилди.

Божхона маълумотига кўра, айрим вақтларда Россияга ўтишни кутаётганлар сони 350 нафаргача етади, кутиш вақти эса ўнлаб соатлар, айрим ҳолларда бир суткадан ҳам ортиқ давом этади.

Қайд этилишича, 15 июндан бошлаб Нарва чегара пункти қисқартирилган иш режимига ўтган. Энди пиёдалар ушбу пункт орқали фақат соат 07:00 дан 19:00 гача ўтиши мумкин. Аввал бу вақт 23:00 гача эди.

Россия томонининг билдиришича, 2024 йил августидан буён Эстония чегара хизмати Россияга кираётган шахслар ва уларнинг юкларини янада синчиклаб текширмоқда. Бу эса чегаранинг ўтказиш қобилияти пасайишига сабаб бўлган.

Эстониянинг Delfi нашри ҳам 29 июн куни Нарва чегарасида кўп километрли навбатлар юзага келганини хабар қилган. Нашр маълумотига кўра, энг серқатнов вақтларда навбатдагилар сони 500 нафаргача етган, айримлар чегарадан ўтиш учун 16 соатгача кутишга мажбур бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид