Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
CSIS: Россия ҳар ой 30 мингдан ортиқ ҳарбийдан айрилмоқда
Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари кескин ошган. Таҳлилчилар бу ҳолатни, аввало, Украина томонидан жанговар дронларни оммавий ва самарали қўллаш билан боғламоқда.
CSIS томонидан эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, Россия қўшинлари нафақат фронтдаги сустлашган ҳужумлар, балки шахсий таркиб ўртасидаги юқори йўқотишлар билан ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йил февралдан буён урушда ҳалок бўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган ҳарбийлар умумий сони қарийб 2 миллион нафарга етган. Шундан тахминан 1,4 миллиони Россия томонига, қолган қисми эса Украинага тўғри келади.
Ҳисоботда таъкидланишича, аввалги йилларда Россия ва Украина йўқотишлари нисбати ўртача 2:1 ёки 3:1 атрофида бўлган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 8:1 гача ошган.
Таҳлилчилар айрим маълумотларга таяниб, Россия армияси йўқотишларининг 90 фоиздан ортиғи тўғридан тўғри жангларда эмас, балки Украина дронлари зарбалари натижасида содир бўлаётганини қайд этмоқда.
CSIS мутахассислари юқори йўқотишларнинг яна бир нечта сабабини ҳам келтирган. Улар орасида жанг майдонидаги нотўғри стратегия, турли бўлинмалар ҳаракатларини мувофиқлаштира олмаслик, тактик тайёргарликнинг пастлиги, коррупция, шахсий таркибнинг руҳий ҳолати ҳамда Россия ҳарбийлари учун Starlink терминалларининг ишламай қолгани қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, 2026 йилда Россия ҳар ой ўртача 30–34 минг нафар ҳарбийдан айрилмоқда. Бу кўрсаткич бир ойда шартнома асосида хизматга қабул қилинаётган тахминан 27 минг нафар кўнгилли сонидан юқори бўлиб, шахсий таркибдаги йўқотишлар тўлиқ қопланмаётганини англатади.
CSIS баҳолашича, уруш бошланганидан бери Россия томонидан 400–450 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Украинада эса ҳалок бўлганлар сони 125–150 минг нафар атрофида баҳоланмоқда. Украина Қуролли кучларининг умумий йўқотишлари эса 525–625 минг нафарни ташкил этиши мумкин.
Тадқиқот муаллифлари ўз ҳисоб-китобларида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотлари, «Медиазона» ва BBC рус хизмати таҳлиллари, шунингдек, АҚШ, Европа ва Украина расмийлари билан ўтказилган суҳбатларга таянганини билдирган.
Ҳисоботда таъкидланишича, можаро иштирокчилари ўз йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни камайтириб, рақиб томон йўқотишларини эса юқори кўрсатишга интилади. Шу боис расмий Москва ва Киев эълон қилаётган рақамлар мустақил манбалар баҳолари билан тўлиқ мос келмайди.
CSIS маълумотларига кўра, Россиянинг Украинадаги ҳалок бўлган ҳарбийлари сони 1980-йиллардаги Совет Иттифоқининг Афғонистон урушидаги йўқотишларидан 28 баравардан, биринчи ва иккинчи Чеченистон урушларидаги умумий йўқотишлардан 18 баравардан ҳамда Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР ва Россия иштирок этган барча урушлардаги қурбонлардан тўққиз баравардан ортиқ экани қайд этилган.