Жаҳон | 08:22
4568
3 дақиқада ўқилади

Зеленский огоҳлантирган ҳужум амалга ошди

1 июлдан 2 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина пойтахти Киевга ракета ва дронлар орқали оммавий ҳужум уюштирди. Ҳужумлар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 25 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган. Шаҳарнинг бир қатор туманларида турар жой бинолари ва инфратузилма объектларига жиддий зарар етган.

Фото: REUTERS

Киев шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, ҳужумлар давомида кўп қаватли турар жойлар, тез тиббий ёрдам подстанцияси, меҳмонхона ҳамда бошқа объектлар нишонга олинган. Қутқарув ва фавқулодда хизматлар ҳодиса жойларида қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда.

Киев шаҳар мэри Виталий Кличко маълум қилишича, Шевченко туманида жойлашган тез тиббий ёрдам подстанциясига берилган зарба оқибатида камида беш нафар тиббиёт ходими ва ҳайдовчи жароҳат олган. Шунингдек, ушбу туманда меҳмонхона том қисми ҳамда бозор ҳудудида ёнғин келиб чиққан.

Голосиев туманида кўп қаватли турар жой биносининг том қисми ёнган. Деснян туманида эса тўққиз қаватли уйга зарар етгани сабабли айрим аҳоли хонадонларда қамалиб қолган. Шунингдек, учувчисиз учиш аппарати парчалари хусусий уй яқинига тушган.

Дарница туманида ҳам бир нечта хонадон аҳолиси бинода қамалиб қолган. Бу ерда беш қаватли турар жой биносининг бир қисми қулаган, бир нечта хусусий уйларда ёнғин чиққан.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг билдиришича, Соломен ва Святошин туманларида ҳам ёнғинлар қайд этилган. Оболон ва Подол туманлари ҳам ҳужумлардан жабр кўрган. Унинг таъкидлашича, дронлар Киевга бир неча йўналишдан яқинлашган ва ҳужум бир неча босқичда амалга оширилган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумдан бир неча соат олдин разведка маълумотларига таяниб, Россия томонидан мамлакат ҳудудига оммавий зарба берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. У бу ҳақда Ирландиянинг Европа Иттифоқи кенгаши раислигига бағишланган тадбирда иштирок этаётган пайтда маълум қилган.

Украина оммавий ахборот воситалари ва мониторинг манбалари Киев ҳамда Днипро шаҳарлари ва уларнинг атрофида ҳужум хавфи юқори эканини билдирган. Маълумотларга кўра, Россия томони ушбу ҳудудлардаги объектлар бўйича фаол разведка ишларини олиб борган.

Ҳаво ҳужуми хавфи узоқ вақт сақланиб қолгани сабабли Киев аҳолисининг катта қисми тунни метро бекатларида ўтказган. Маҳаллий нашрлар шаҳарда бир неча соат давомида ҳаво тревогаси эълон қилингани, дронлар ҳужумидан кейин ракеталар билан ҳам зарба берилиши кутилганини хабар қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид