Жамият | 10:20
2734
1 дақиқада ўқилади

Муғлада сувга тушган 21 ёшли ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Туркиянинг Муғла вилоятида сувга чўмилиш учун дарёга тушган 21 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Қутқарувчилар олиб борган қидирув ишлари натижасида унинг жасади сувдан топилди.

Ҳодиса Муғла вилоятининг Сейдикемер туманига қарашли Чобанлар маҳалласида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси, 21 ёшли Шоядбек Ҳалимжонов уйдан чиқиб, дарёда чўмилиш учун йўл олган. Узоқ вақт давомида ундан дарак бўлмагач, отаси ўғлини қидириш учун дарё соҳилига борган.

Дарё бўйидан йигитга тегишли кийимларни топган ота зудлик билан 112 тезкор чақирув хизматига мурожаат қилган.

Ҳодиса жойига жандармерия, тез тиббий ёрдам, AFAD қутқарув хизмати, денгиз полицияси ҳамда қидирув-қутқарув гуруҳлари жалб қилинган. Қидирув ишларига Фетҳие соҳил қўриқлаш қўмондонлиги ғаввослари ҳам қўшилган.

Қутқарувчилар томонидан дарёда олиб борилган қидирув ишлари натижасида Шоядбек Ҳалимжоновнинг жасади топилди.

Марҳумнинг жасади воқеа жойида ўтказилган дастлабки кўрикдан сўнг суд-тиббий экспертизаси учун моргга юборилди.

Ҳодиса юзасидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид