Жамият | 09:07
3305
1 дақиқада ўқилади

Навоийда 35 млрд сўмлик сохта «кешбэк» схемаси фош этилди

Навоий шаҳрида ўтказилган терговга қадар текширувда сохта электрон ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари орқали қарийб 35 миллиард сўмлик «кешбэк» маблағлари ноқонуний ҳисобланиб, ўзлаштирилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 13 та масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) масъул шахслари ва бошқа шахслар ўзаро тил бириктириб ҳаракат қилгани аниқланган.

Тергов материалларига кўра, улар 4,5 триллион сўмлик маҳсулотлар етказиб берилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштирган. Шунингдек, гўёки савдодан тушган маблағлар назорат-касса машиналари орқали кирим қилиниб, фуқароларга маҳсулот сотилгани ҳақида сохта харид чеклари расмийлаштирилган.

Натижада 105 минг 524 нафар фуқаро номига Soliq Mobile иловаси орқали жами 34,8 миллиард сўм миқдорида «кешбэк» ҳисобланиб, ушбу маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид