Иқтисодиёт | 18:03
1106
2 дақиқада ўқилади

123 мингдан ортиқ фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилди

Улар сохта харид чекини «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказганликда гумон қилинмоқда.

Фото: Солиқ қўмитаси

Май ойида ижтимоий тармоқлар орқали маълум бир ҳақ эвазига учинчи шахслардан сохта харид чеки олган, ҳақиқатда кирим қилинмаган ёки харид қилинмаган товар учун харид чекини рўйхатдан ўтказган 123 мингдан ортиқ фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Таъкидланишича, бундай сохта харид чекини «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш қонунга хилоф ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Хабарга кўра, агар товар ёки хизмат сотиб олинган тадбиркор солиқ ҳисоботини тақдим этмаса ёки унда камчиликлар мавжуд бўлса ёхуд солиқ қарзи тўланмаган бўлса, кешбэк шу камчиликлар бартараф этилганидан кейин автоматик равишда тасдиқланади.

Кешбэк қуйидаги ҳолларда ҳисобланмайди:

  • агар чек берилганига 10 кундан ортиқ вақт ўтган бўлса;

  • автомобил, ҳаво ва темир йўл чипталари, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун;

  • ўзини ўзи банд қилган шахслар хизмат кўрсатганда;

  • якка тартибдаги тадбиркор ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан рақамли платформа (Xolis Paynet) орқали берилган харид чекига;

  • жисмоний шахслар шубҳали харидорлар реестрига киритилган бўлса.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид