Жамият | 10:23
1887
1 дақиқада ўқилади

Ўрикзор бозоридаги озиқ-овқат дўконида ёнғин чиқди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган Ўрикзор бозоридаги озиқ-овқат дўконида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар хизмати ёнғин қисқа вақт ичида ўчирилганини, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, 4 июл куни соат 04:26 да Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Тошкент ҳалқа автомобил йўли кўчасида жойлашган Ўрикзор бозоридаги дўконда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг қутқарув бўлинмалари соат 04:35 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 04:48 да қуршаб олинган ва соат 05:01 да тўлиқ бартараф этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида озиқ-овқат дўконининг 150 квадрат метр майдони ёниб зарарланган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар қайд этилмаган.

Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид