Жамият | 10:55
885
2 дақиқада ўқилади

Транспорт соҳасида хавф таҳлили рақамлаштирилади

Ўзбекистонда автомобил, темирйўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштириш мақсадида «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими жорий этилади. Янги тартиб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарлик хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш имконини беради.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлигида автомобил, темирйўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Низомга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.

Ҳужжатга мувофиқ, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Хавф даражаси автомобил транспортида йўловчи ва юк ташиш назорати, автовокзал ва автостанциялар фаолияти, сув, темирйўл, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл қурилиши объектлари бўйича алоҳида мезонлар асосида баҳоланади.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик хавфига кўра юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ва текширувлар қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади. Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Шу билан бирга, электрон тизим томонидан аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмаслиги белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид