Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Украина ҳужумларининг муваффақиятини пасайтириб кўрсатдими?
РФ президенти Украинанинг Россия ҳудудига уюштираётган зарбаларини асосан “ахборот операцияси” деб баҳолаб, талафотларнинг ўрни муаммосиз тўлдирилишини айтди. Лекин бу таъриф ҳужумларнинг реал ҳарбий ва иқтисодий оқибатларини қай даражада акс эттиради? “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Ойбек Сирожов ва Шуҳрат Расул шу масалада баҳсга киришди.
— Путин Украина зарбаларини “ахборот операцияси” деб баҳолади. Бу таъриф вазиятни тўлиқ акс эттирадими?
Ойбек Сирожов: Уруш фақат ҳарбий тўқнашувлардан иборат эмас. У ҳарбий, иқтисодий, дипломатик ва ахборот йўналишларини ўз ичига оладиган мураккаб жараёндир. Шу боис Украина–Россия урушини таҳлил қилганда, ахборот уруши ҳам асосий фронтлардан бири эканини кўриш мумкин. Агар уруш бошланган илк кунлардан буён вазиятга назар ташласак, айнан ахборот майдонида Россия кўпроқ қийинчиликларга дуч келаётганини кузатамиз. Бунга Ғарбнинг Украинани кенг кўламда қўллаб-қувватлаётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги устунлиги, халқаро аудиторияга чиқиш имкониятларининг кенглиги, шунингдек, Россиянинг бу борадаги технологик ва коммуникацион имкониятлари чекланганлиги сабаб бўлиши мумкин.
Буни оддий мисолда ҳам кўриш мумкин. Россия ҳудудига берилган деярли ҳар бир зарба бўйича видеолар, гувоҳларнинг тасвирлари ва таҳлиллар тезда оммага тарқалади. Аксинча, Россиянинг Украинага, жумладан, яқинда Киевга берган зарбалари ҳақида асосан расмий маълумотлар эълон қилинмоқда, бироқ воқеа жойидан олинган тасвирлар ва мустақил видеолар нисбатан кам учрамоқда. Бу – Россиянинг зарбалар оқибатларини тезкор ва ишончли тарзда ҳужжатлаштириш ҳамда халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари етарли эмаслигини кўрсатиши мумкин.
Умуман олганда, ахборот уруши замонавий урушларнинг ажралмас қисмидир. У нафақат жамоатчилик фикрини шакллантириш, балки сиёсий элиталарга босим ўтказиш ва халқаро ҳамжамиятнинг муносабатига таъсир кўрсатишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Шу нуқтайи назардан қараганда, Путиннинг Украина зарбаларини “ахборот операцияси” деб баҳолаши маълум мантиққа эга. У бу ҳужумлар, аввало, Россия жамиятида хавотир уйғотиш, иккинчидан эса халқаро ҳамжамиятга Украинанинг имкониятлари ва салоҳиятини намойиш этишга қаратилган деган фикрни илгари сурмоқда. Аслида, у айнан шу жиҳатга урғу берди.
Шуҳрат Расул: Путиннинг баёнотига кўра, Украинанинг Россияга бераётган зарбалари жиддий оқибатларга олиб келмаяпти. Унинг таъкидлашича, нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган ҳужумлар ҳам Россия иқтисодиётига сезиларли зарар етказмаган. Мисол сифатида у нефт захиралари ўтган йилга нисбатан атиги 4 фоизга камайганини, зарарланган объектлар эса қисқа муддатда таъмирланаётганини айтди. Шунингдек, бу ҳужумларнинг асосий мақсади Россия жамиятида ваҳима уйғотиш эканини таъкидлаб, аҳолини хавотирга тушмасликка чақирди.
Бироқ мавжуд маълумотлар бу баёнотларга тўлиқ мос келмайди. Путин зарарланган объектларни тезкор тиклаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини айтди. Аммо айнан мудофаа саноати корхоналари ҳам Украина ҳужумлари нишонига айланмоқда. Масалан, Воронеждаги корхоналардан бири “Панцир-С1” ва “Панцир-С2” зенит-ракета мажмуалари учун электрон компонентлар ҳамда микросхемалар ишлаб чиқаришда муҳим рол ўйнаган эди. Маълумотларга кўра, ушбу корхона жиддий зарар кўрган ва уни қисқа муддатда қайта тиклаш эҳтимоли жуда паст баҳоланмоқда. Худди шундай, Москвадаги Капотня нефтни қайта ишлаш заводи ҳам катта талафот кўрган. Россиялик айрим мутахассисларнинг баҳолашича, корхонанинг тўлиқ фаолиятини тиклаш 2026 йилда ҳам якунланмаслиги, ҳатто бу жараён 2027 йил охиригача чўзилиши мумкин. Шунингдек, Кубандаги Славянск нефтни қайта ишлаш заводи ҳам оғир зарба олди. Дастлабки баҳоларга кўра, ушбу корхонани ҳам қисқа муддат ичида тўлиқ тиклашнинг имкони йўқ.
Айниқса, сўнгги ҳужумларда қўлланган “Фламинго” дронлари аввал фойдаланилган “Лютий” дронларига нисбатан анча катта жанговар юк кўтариши айтилмоқда. Шу сабабли бундай зарбалар йирик саноат ва ҳарбий объектларга жуда катта талафот етказмоқда. Айрим ҳолларда эса зарарланган иншоотларни иқтисодий жиҳатдан қайта тиклаш мақсадга мувофиқ бўлмай қолмоқда. Шу нуқтайи назардан қараганда, Путиннинг баёнотини кўпроқ Россия жамиятидаги хавотирни пасайтириш, урушнинг иқтисодий ва ҳарбий оқибатларини юмшоқроқ кўрсатиш ҳамда жамоатчилик кайфиятини барқарор ушлаб туришга қаратилган сиёсий коммуникация сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.