Жамият | 12:04
1362
1 дақиқада ўқилади

Катта Чимён тоғида оёғи лат еган фуқаро қутқариб қолинди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Катта Чимён тоғига сайрга чиққан фуқаролардан бири оёғидан жароҳат олиб, мустақил ҳаракатлана олмай қолди. Ҳодиса жойига етиб борган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари унга амалий ёрдам кўрсатиб, хавфсиз ҳудудга олиб чиқди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса ҳақидаги хабар куни кеча соат 16:35 да 112 ягона диспетчерлик хизмати орқали Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига келиб тушган.

Маълум қилинишича, Бўстонлиқ туманидаги Катта Чимён тоғига сайр қилиш учун чиққан уч нафар фуқародан бирининг оёғи лат егани оқибатида у мустақил ҳаракатлана олмай қолган ва қутқарувчилар ёрдамига муҳтож бўлган.

Хабар олиниши билан Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини амалга оширган.

Қутқарувчилар жароҳатланган фуқарога зарур амалий ёрдам кўрсатиб, уни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган.

Маълум қилинишича, айни пайтда фуқаронинг аҳволи яхши.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид