Иқтисодиёт | 17:40
2058
2 дақиқада ўқилади

Нефт маҳсулотлари захирамиз 2−3 ой учун етарли — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари захираси 2-3 ой учун етарли. Бу ҳақда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишдан сўнг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр / Ўзбекистон 24

«Ҳозирги геосиёсий вазиятда бошқа давлатларда энергетика хавфсизлигига ҳам таҳдид қилинганини кўриб турибмиз. Шунинг учун нефт маҳсулотларининг фақатгина захирасини яратиш эмас, бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш жуда муҳим», деди у.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 млн тоннадан ошган. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар яна 600−700 минг тонна маҳсулот импорт қилмоқда. «Шу ҳисобдан нефт маҳсулотларига бўлган барча эҳтиёжимиз қопланади», деди у.

Мадаминовнинг айтишича, йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва ёқилғи захираларини тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

«Куз-қишга алоҳида режа қилиб олганмиз. Етарлича захиралар яратилган ва ҳозирги ички ишлаб чиқаришимиз бор, шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, 100 минг тоннадан ошиқ маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилади. Яъни ишонтириб айтаманки, келаси 2-3 ой учун бизнинг захирамиз етарли», деди у.

Унинг таъкидлашича, бутун тизим ташкилотлари, ҳудудлар ва бошқа тармоқ вакиллари билан биргаликда куз-қиш беталофат ўтказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид