Жамият | 09:05
1116
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 1,27 млн гектар янги ўрмон барпо этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда 2026–2030 йилларда чўлланишга қарши курашиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш доирасида 1,27 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган таклифлар муҳокамасида маълум қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси ва чўлланиш Ўзбекистон ҳамда бутун Марказий Осиё учун долзарб экологик муаммолардан бири экани таъкидланди. Мамлакат ҳудудининг қарийб 80 фоизи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, айниқса Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий, Хоразм, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида бу жараён кучайиб бормоқда.

2026–2030 йилларга мўлжалланган режага кўра, 1,27 миллион гектарда янги ўрмонлар барпо этиш ва мавжуд ўрмонзорларни қайта тиклаш, шунингдек, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларида 16 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари яратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар яшил қоплама барпо этиш, Сирдарё вилояти чегара ҳудудларида 84 километрлик «яшил девор» ташкил қилиш ҳамда деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни жорий этиш таклиф этилди.

Президент чўл ҳудудларини фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида кўриш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда «чўл иқтисодиёти»ни ривожлантириш, галофит ўсимликлар етиштириш, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш, яйловлар маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик, экологик туризм ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистонда чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, Орол денгизининг қуриган тубида илмий экспедициялар ўтказиш, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғлар бўйича минтақавий банк яратиш ҳамда халқаро молия институтлари ва хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, чўлланишга қарши курашиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид