Жаҳон | 21:06 / 07.07.2026
2012
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда учиш чоғида самолётнинг шассиси синди

Парвоз тўхтатилди, тўхташдан сўнг самолёт чап томонга қулади, йўловчилар фавқулодда трап ёрдамида эвакуация қилинди. Бишкекнинг Манас аэропорти парвозларни вақтинча тўхтатди.

Фото: Sputnik Кыргызстан

Қирғизистонда TezJet авиакомпаниясининг Бишкек-Ўш рейсини амалга ошираётган йўловчи самолёти шассиси носозлиги туфайли парвозни тўхтатди. Ҳодиса 7 июл куни Бишкекнинг Манас аэропортида юз берди.

«Аэропорты Кыргызстана» ОАЖ маълумотларига кўра, ҳавога кўтарилиш пайтида самолётнинг орқа шассиларидан бири синган. Ҳаво кемаси тезлашаётганда тўхтатилди, шундан сўнг чап томонга қулади ва авиакеросин сизиб чиқди.

Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, йўловчилар авариявий трап орқали эвакуация қилинган. Самолёт бортида 181 йўловчи, шунингдек, икки учувчи ва тўрт борткузатувчи бўлган.

«Экипаж зудлик билан йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрди. Фавқулодда нарвонлар ёрдамида эвакуация амалга оширилди. Барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳаво кемасини эсон-омон тарк этди», дейилади TezJet хабарида.

Қўшимча қилинишича, йўловчилар ва экипаж аъзолари орасида жиддий жароҳатланганлар йўқ, бир неча киши енгил жароҳат олган.

Фуқаро авиацияси давлат агентлиги ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказишини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид