Жаҳон | 10:10
1430
2 дақиқада ўқилади

Киев ва Харкив яна ҳужум остида: жабрланганлар бор

Россия қўшинлари 8 июлга ўтар кечаси Украина ҳудудига ракета ва дронлар ёрдамида навбатдаги қўшма ҳужумни амалга оширди. Киев ва Харкивда портлашлар юз бериб, ёнғинлар келиб чиққан, бир неча киши жароҳат олган. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари баллистик ракеталар учирилганини маълум қилди.

Фото: Danylo Antoniuk/AP Photo/picture alliance

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари тун давомида Украина пойтахти Киев ҳамда Харкив шаҳрига ракета ва зарбали дронлар билан ҳужум қилган.

Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг билдиришича, ҳужум оқибатида камида икки киши жабрланган. Улардан бири шифохонага ётқизилган.

Шу билан бирга, Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко пойтахт атрофида душманнинг ҳужумкор учувчисиз аппаратлари ҳаракатланаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарга ҳаводан хавф сақланиб қолмоқда.

Аввалроқ Кличко Деснянск туманида ракета зарбаси оқибатида омборхоналарда ёнғин чиққанини, Святошин туманида эса нотурар бинода ёнғин содир бўлганини билдирган. Шу муносабат билан Киев бўйлаб ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари ҳам Россия томонидан мамлакат пойтахти томон шимолий йўналишдан бир нечта баллистик ракета учирилганини тасдиқлади.

Харкив шаҳрида ҳам ҳужумлар оқибатида жиддий вайроналар қайд этилди. Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълум қилишича, камида 20 дан ортиқ хусусий уй, ибодатхона ойналари, кўча ёритиш тармоқлари ва бешта автомобил шикастланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Харкивда ҳам икки киши жароҳат олган. Аввалроқ шаҳарнинг Немишлянск туманига ракета келиб тушгани хабар қилинган эди.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Россиянинг Киев, Харкив ҳамда мамлакатнинг марказий ва шарқий ҳудудларига қарши тунги ҳаво ҳужумлари бир неча соат давом этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид