Жамият | 18:46
506
4 дақиқада ўқилади

Смартфондан реал ижодга: робототехника болаларни қандай ривожлантиради?

Ҳозир ён-атрофга қаралса, жуда кўп болаларнинг қўлида смартфон. Ҳатто айримлар ҳали тили чиқмаган ва юришни ҳам билмайдиган болаларининг хархашасига чидашдан кўра, уларни телефон билан тинчлантиришни афзал кўрмоқда. Мутахассислар ўз ўрнида мобил қурилмалар билан кўп вақт ўтказилиши болаларнинг диққат, хотира ва фикрлаш жараёнларига таъсир ўтказишини айтмоқда. Хўш, бундай ҳолатда робототехника болаларни смартфонга қарамликдан қутқарувчи воситага айлана оладими? Kun.uz мухбири шу саволга жавоб излади.

Америка педиатрия академияси сайтида эълон қилинган мақолада 2–4 ёшдаги болалар кунига ўртача 2 соат, 5–8 ёшдаги болалар эса кунига ўртача 3,5 соат вақтини мобил қурилмаларда сарфлаётгани қайд этилган. Мутахассислар болаларнинг смартфонларда бунча кўп вақт сарфлаши уларнинг диққат, хотира ва фикрлаш жараёнларига таъсир қилибгина қолмай, балки умумий ривожланиш жараёни, нутқ шаклланиши ҳамда ижтимоий фаоллигига ҳам бевосита таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ўз ўрнида мутахассислар гаджетларга бўлган қизиқишни йўқ қилиш, чеклаш ўрнига, уни тўғри томонга йўналтиришни тавсия қилмоқда. Шу йўналишлардан бири сифатида робототехника тилга олиб келинмоқда.

Робототехника — болага нафақат ўйин, балки реал ҳаётга яқин муаммоларни ҳал қилиш имконини беради. Бу эса унда мантиқий фикрлашни кучайтиради ва билимни амалиёт билан боғлайди. 

Болаларнинг ривожланишида ота-онанинг роли ҳам жуда катта. Фарзанднинг қизиқишларини эрта аниқлаш ва уни тўғри йўналтириш — келажакдаги салоҳиятини шакллантиришда асосий омиллардан бири.

“Ота-оналар фарзанди йиғламаслиги учун тўғри тарбиялаш ўрнига қўлига телефон бериб, телевизор ёқиб қўймоқда. Бу боланинг тарбиясига жуда салбий таъсир қилади. Менинг фарзандим ҳам бир ёшиданоқ телефон ўйнашни бошлади — оқибатда болаларга қўшилмайдиган, фақат мултфильм дунёсига кириб кетадиган бўлиб қолди”, — дейди фарзандларини робототехника курсларида ўқитаётган Малика Турсунова.

Унинг айтишича, робототехника дарсларидан сўнг фарзандларида тезда ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, бошқалар билан мулоқотга киришиши осонлашган. Вазифаларни ҳам тезроқ бажаришни бошлаган.

Яна бир она эса ўз вақтида овқатини емаётган фарзандларига смартфон бериб, уларни таомлантиришга ҳаракат қилганини эслаб, аслида бу хато бўлганини айтади. У ҳам икки фарзандини робототехника дарсларига берган. Шундан сўнг уларда ҳам ўзгариш кузатилган.

“Бир куни фарзандим: “Катта бўлганимда бутун дунё фойдаланадиган компютер дастури яратаман” деди. Ўзининг ёшига нисбатан шунчалик катта фикрлайди. Чарчаб қолиши, зерикиши мумкин, лекин ҳар доим олдинга юришга ёрдам бериш керак”, — дейди Раъно Ишмуҳаммедоваа. 

Робототехника йўналишида дарс бераётган Азиза Артикова бу соҳа болаларга бир вақтнинг ўзида бир нечта муҳим кўникмаларни беришини айтади. Улар орасида мантиқий фикрлаш, муаммони босқичма-босқич ҳал қилиш, жамоада ишлаш, тенгдошлар билан ҳамкорлик қилиш, нутқни ривожлантириш каби кўникмалар бор.

Артикованинг таъкидлашича, робототехника курсларида 5-8 ёшли болалар асосан жамоа бўлиб ишлашда қийналади. Аммо бироз вақт ўтиб, бу жиҳатни ҳам ўзлаштириб олишади. 

“Баъзи ота-оналар фарзандининг нутқини ривожлантириш мақсадида ҳам робототехника тўгаракларига олиб келишади. Бунинг ҳам ўз сабаби бор: майда моторика билан ишлаш қўл мушакларини ривожлантиради ва бу жараёнда боланинг нутқи ҳам аста-секин ривожланиб боради”, — дейди мутахассис.

Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Асрор Абдуназаров
Муаллиф Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид