Туризм | 08:27
1407
5 дақиқада ўқилади

5 минг метр баландликда ҳаёт: энг баланд тоғли шаҳарлар

Денгиз сатҳидан минглаб метр баландликда яшаш кўпчилик учун ўта оғир шароит ҳисобланади. Бироқ дунёда юз минглаб, ҳатто миллионлаб одамлар ҳавоси сийрак, кислород кам ва иқлими кескин бўлган тоғли ҳудудларда доимий яшаб келмоқда. Мутахассислар бу ҳудудларда яшовчи аҳоли организмда юз берган биологик ва генетик ўзгаришлар туфайли бундай шароитга мослаша олганини таъкидламоқда.

Фото: realt.onliner.by

World Visualized инфографикасига кўра, дунёдаги энг баланд доимий аҳоли яшаш маскани Перунинг жануби-шарқида жойлашган Ла-Ринконада шаҳри ҳисобланади. У денгиз сатҳидан тахминан 5 100 метр баландликда, Анд тоғларидаги Ананеа олтин кони яқинида жойлашган.

Шаҳарда коммунал хизматлар етарли даражада ривожланмаган бўлса-да, ноқонуний ва хусусий олтин қазиб олишнинг кенгайиши туфайли аҳоли сони тез ўсган. Илмий тадқиқотларга кўра, бу ерда ҳаводаги кислород миқдори денгиз сатҳидагига нисбатан қарийб икки баравар кам бўлиб, Ла-Ринконада Ер юзида яшаш энг қийин бўлган шаҳарлардан бири саналади.

Дунёдаги энг баланд жойлашган ўнта аҳоли пунктининг учтаси Боливия ҳудудида жойлашган.

Шулардан бири — денгиз сатҳидан 4 150 метр баландликда жойлашган Эл-Алто шаҳри бўлиб, у сайёрадаги энг баланд йирик шаҳар сифатида эътироф этилади. Сўнгги ўн йилликларда шаҳар Боливиянинг энг тез ривожланаётган иқтисодий марказларидан бирига айланган. У қўшни Ла-Пас шаҳри билан автомобил йўллари ва дунёдаги энг баланд шаҳар канат йўлларидан бири орқали боғланган.

Яқин атрофда жойлашган Потоси шаҳри ҳам денгиз сатҳидан тахминан 4 050 метр баландликда жойлашган. XVI асрда Серро-Рико тоғидаги бой кумуш конлари очилганидан кейин Потоси дунёдаги энг бой шаҳарлардан бирига айланган. Испания империяси даврида бу ердан олинган кумуш Европага катта ҳажмда олиб кетилган ва Испаниянинг жаҳон миқёсидаги экспансиясини молиялаштиришда муҳим ўрин тутган.

Фото: World Visualized



Кўпчилик Боливия пойтахти деб ҳисоблайдиган Ла-Пас расман мамлакатнинг маъмурий пойтахти ҳисобланади. Шаҳарнинг турли ҳудудлари денгиз сатҳидан 3 650–3 870 метр баландликда жойлашган. Бу ерда ҳукумат ва асосий давлат идоралари фаолият юритади, мамлакатнинг конституциявий пойтахти эса Сукре шаҳри ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, денгиз сатҳидан 2 500 метрдан юқори баландликда доимий яшаш инсон организмига жиддий юклама беради. Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра, бундай ҳудудларда кислород етишмаслиги у ерга янги келган одамларнинг жисмоний имкониятларини кескин пасайтиради.

Бироқ Анд тоғлари, Тибет ясси тоғлиги ва Эфиопия тоғликларида асрлар давомида яшаб келаётган аҳолида вақт ўтиши билан турли биологик ва генетик мослашувлар шаклланган.

Илмий тадқиқотлар тибетликларда кислороддан самаралироқ фойдаланишга ёрдам берувчи генетик хусусиятлар мавжудлигини кўрсатган. Бу уларнинг қонида эритроцитлар сони ортиқча кўпаймасдан ҳам организмни кислород билан таъминлаш имконини беради.

Анд тоғлари аҳолисида эса, аксинча, гемоглобин миқдори юқори бўлиб, қон кўпроқ кислород ташиш қобилиятига эга.

Дунёдаги машҳур баланд тоғли шаҳарлардан яна бири — Хитойдаги Лхаса шаҳри бўлиб, у денгиз сатҳидан тахминан 3 650 метр баландликда жойлашган. Бу Тибетнинг тарихий пойтахти бўлиб, асрлар давомида Далай-ламалар қароргоҳи бўлган машҳур Потала саройи шу ерда жойлашган. У ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Перудаги Куско шаҳри (3 400 метр) испан босқинчилари келгунига қадар Инклар империясининг пойтахти бўлган ва ҳозир ҳам Жанубий Американинг энг муҳим тарихий марказларидан бири ҳисобланади.

Эквадор пойтахти Кито денгиз сатҳидан 2 850 метр баландликда, Анд тоғлари бағрида жойлашган. Унинг тарихий маркази Лотин Америкасидаги энг яхши сақланган мустамлака даври меъморий мажмуаларидан бири бўлиб, 1978 йилда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган илк объектлардан бири бўлган.

Шунингдек, Колумбия пойтахти Богота тахминан 2 640 метр, Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба эса 2 450 метр баландликда жойлашган. Аддис-Абеба кўпинча Африканинг энг баланд пойтахти сифатида тилга олинади.

Эритрея пойтахти Асмэра ҳам 2 325 метр баландликда жойлашган бўлиб, XX асрнинг биринчи ярмида қурилган италян модерн услубидаги меъморий қиёфаси туфайли ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган.

Мутахассислар фикрича, ушбу шаҳарлар инсон ҳатто доимий кислород танқислиги шароитида ҳам нафақат яшай олиши, балки йирик иқтисодий, маданий ва тарихий марказларни барпо этишга қодир эканини яққол намоён этади. Бу ҳудудларда яшовчи аҳоли тажрибаси инсон организмининг экстремал шароитларга қандай мослашишини ўрганишда олимлар учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид