Жамият | 09:58
715
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел хавфи эълон қилинди

20–22 июн кунлари кутилаётган ёмғирлар сабаб Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин. Мутасаддилар фуқаролар, дам олувчилар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.

Фото: pressa.uz

Тезкор гидрометеорологик ахборотга кўра, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим тоғли ва тоғолди туманларида сел келиши хавфи мавжуд.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Китоб ва Шаҳрисабз, Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Паркент, шунингдек, Фарғона водийсидаги қатор тоғли ҳудудлар хавфли ҳудудлар сифатида қайд этилган.

Мутахассислар ёғингарчилик натижасида сел оқимлари шаклланиши, шунингдек, айрим ҳудудларда ёмғир сувлари тўпланиб, маҳаллий сув тошқинлари юзага келиши мумкинлигини билдирмоқда.

Шу муносабат билан тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олувчилар ҳамда ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларга хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид