Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўғлимни излаб Москвага бордим” – ургутлик отанинг изтиробда ўтган кунлари
2025 йил 14 август. Ота ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган 23 ёшли ўғлидан уни алдаб урушга олиб кетишгани ҳақида хабар олди. Ўғил ўзи бўлиб турган ҳудуд локацияни жўнатиб, отасидан уни олиб кетишни сўраганди. Рус тилини яхши билмаган ота қўшниси билан бирга Москва шаҳрига қараб йўл олди. Унинг мақсади ўғлини излаб топиш ва Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш эди. Аммо...
Самарқандда Россия армиясига ёлланган йигитга суд ҳукми ўқилди. Йигит суддаги кўрсатмасида бошидан кечирганларни айтиб берди. Унинг ҳикояси шу турдаги ишлардан бироз фарқ қилади.
Россия сари йўл
2003 йилда туғилган Достон (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) Ургут туманида улғайган. Оиладаги иқтисодий етишмовчилик сабабли у ва акаси ишлаб пул топиш мақсадида Россияга қатнаб юрган.
2025 йил март ойида акаси, 9 июл куни эса Достон ишлаш мақсадида Москвага жўнаб кетган. У ўшанда орадан кўп ўтмай бошига қандай кунлар тушишини тасаввур ҳам қилмаганди.
Достон Москвага етиб бориб, кунлик 3 300 рубл ҳақ эвазига плита заводида ишлай бошлайди. Орадан бир ой ўтиб, 13 август куни унинг ҳаётини ўзгартириб юборган воқеа содир бўлади.
“Патент тайёрлаб беради”
Достон ўша куни таксида ишдан қайтаётганди. Йўлда миграция ходимлари машинани тўхтатиб, патент сўрашади. Достон уларга фуқаролик паспорти ва вақтинчалик рўйхатга қўйилгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим қилади. Сўнгра рус тилини билмагани сабабли киракашнинг ёрдами билан пули бўлмагани учун патент олишга улгурмаганини, лекин тез кунларда расмийлаштириб олишини тушунтиради.
Шундан сўнг миграция ходимлари Достоннинг телефонини олиб, кимгадир қўнғироқ қилишади. Сўнгра Достонга “Шу жойга борасан, патент тайёрлаб беради”, дея манзил айтишади.
Достон ижарада яшаётган уйига келиб, патент тўлови учун тўплаб қўйган 35 минг рубл пулни олади ва айтилган манзилга боради. Уни рус миллатига мансуб икки аёл кутиб олади. Достон улар билан “google переводчик” орқали гаплашади. Аёллар унга рус тилида ёзилган ҳужжатни бериб, бўш жойларга исмини ёзишни ҳамда имзо қўйиб беришни сўрашади.
“Ўша вақтда бу ҳужжатлар Россия қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга кириш ҳақидаги шартнома эканини билмагандим. Улар бўш қоғозга ёзиб берган жумлаларни бир амаллаб кўчириб, имзо қўйдим. Кейин мени банкка олиб боришди ва номимга пластик карта очишди. Сўнгра ички ишлар идорасига олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказишди. У ердаги шахсларнинг барчаси рус миллатига мансуб бўлгани учун нима бўлаётганини англаб етмасдан, шу аёлларга эргашиб юравердим”, деган Достон ўз кўрсатмасида.
Локация
2025 йил 14 август куни у билан яна 24 кишини автобусга миндириб, Воронеж шаҳрида атрофи тиканли сим-тўсиқ билан ўралган жойга олиб боришади. Достон шунда аслида нима бўлганини тушуниб етади. Уни тахминан 100 нафарга яқин турли мамлакатлардан келган аскарларга қўшиб қўйишади. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бўлган.
15 август куни уни ҳарбий кийимда мажбуран полигонга олиб боришади ва аскарлар билан бирга машқ қилишни талаб этишади. Бироқ Достон бу талабни бажармайди. Шунда уни калтаклаб, қамаб қўйишади. Бир неча соатдан сўнг эса олиб чиқиб, ҳаммомни тозалашга мажбурлашади.
“Эртаси куни тахминан 200 нафардан ортиқ турли миллатга мансуб шахслар олиб келинди. Улар орасида 5-10 нафар Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор эди. Қоида бўйича кунига нечта янги одам келса, шунча аскар Луҳанскга 7 кунлик ҳарбий тайёргарликка жўнатилар ва сўнгра у ердан урушга юбориларди. Урушда қатнашишни хоҳламасдан, қочишни режа қилдим. Лекин қуролланган ҳарбий хизматчилар қаттиқ қўриқлагани учун режам амалга ошмади”, деган Достон.
У нима қилишини билмасдан Telegram орқали опасига шартнома ва ўзи бўлиб турган жойнинг локациясини жўнатади. У отаси бориб, уни олиб кетишини сўраганди.
Отанинг бесамар ҳаракати
Ўғлининг урушга бориб қолгани хабарини олган ота нима қиларини билмай, уни қайтариб олиш келиш мақсадида йўлга чиқади. Рус тилини билмагани сабабли илтимос қилиб, қўшнисини ўзи билан бирга олиб кетади.
Судда гувоҳ сифатида сўралган ота ўз кўрсатмасида шундай деган:
“Москва шаҳрига бориб, ўғлим юборган манзилни ва у илгари ишлаган жойни тополмадим. Кейин у излаб топиб, Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам беришлари учун Ўзбекистон элчихонасига ариза билан мурожаат қилдим. Лекин элчихона ходимларидан ўзимга керакли ёрдамни ололмадим”.
Чорасиз қолган ота не қиларини билмасдан минг бир изтиробда уйига қайтиб келган.
“Ўғлим билан гаплашганимда у Луҳанскда эканини билдирди. Уни излаб Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилганимдан сўнг ҳарбий қисм командирлари турли хил қийноқларга солиб, жароҳат етказишибди. Ўғлим бу каби ҳолат яна бўлмаслиги учун ҳеч қаерга мурожаат қилмаслигимни, ўзи бир амаллаб қочиб келишини айтди”, деган ота.
“Сендайларни кўп кўрдим”
Достонни Луҳанскка олиб кетишганди. У ерда ҳарбий машғулотларда қатнашмаслигини айтгани учун яна уриб, ертўлага қамаб қўйишади. Ё машғулотга чиқасан, ё қамоқда ётаверасан, дейишади. У қамоқда ётишни танлайди.
“Ҳарбийлар телефонимни, паспорт ва пластик картамни олиб қўйиб, 3 сутка қамоқда сақлашди. 2025 йил 28 август куни 12-танк полкига ўтказишди. У ерда ҳам ҳарбий машғулотда иштирок этишдан бош тортдим. Бўлинма бошлиғига мени алдаб имзо қўйдириб олиб келишганини айтдим.
Шундан сўнг полк бошлиғи бўлган полковник мени чақириб, таржимон ёрдамида нима учун урушга келганимни сўради. Алдаб олиб келишганини, менга пул ҳам, фуқаролик ҳам керак эмаслигини, имкони бўлиши билан ватанимга қайтмоқчи эканимни билдирдим. Шунда полковник давлат томонидан берилган 2,1 млн рубл пулни нима қилганимни сўради. Пластик картада турганини айтдим. Текшириб кўришди. Сўнгра полковник қўл остидагиларга “буни полигонга чиқарманглар, ишини кўриб чиқамиз” дея буйруқ берди”, деган Достон судда.
Кейин уни блиндажга олиб боришган. У ерда 27 кун яшагач доғистонлик “Кила” исмли командир кўлига топширишган. “Кила” уни мажбурлаб машқ қилдирмоқчи бўлган. Аммо Достон унга ҳам бўйсунмаган. Шунда командир “сен мен учун биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмассан” дея уни калтаклаган.
2025 йил 24 сентябр куни Достонни ҳарбий хизматдан бош тортганлар сақланадиган қамоқхонага олиб боришган. Қамоқхона бошлиғи у билан мулоқот қилиб, ёшини ҳисобга олган ҳолда яхшироқ жойга қўйишини айтган. Шу тариқа, Достонни озиқ-овқат тарқатиладиган омборда ошпаз бўлиб ишловчи самарқандлик ошпазга ёрдамчи қилиб қўйишган.
“2026 йил 28 феврал куни мени Воронеж вилоятининг Россош шаҳрига 11 нафар аскарга ошпазлик қилиш учун юборишди. У ерга боргач, қочиб кетишни режалаштириб, атрофни кузатиб юрдим. Йўлда бошқа чегара постлари йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, 13 март куни тунда ўзим билан тахминан 3 кг егулик ва 1 литр сув олиб, у ердан қочиб кетдим. Ўрмонда, кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида ухлаб, 27 март куни Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасига етиб бордим”, деган ўз кўрсатмасида Достон.
Уйга қайтиш ва қамоқ
Шу тариқа, Достон элчихона томонидан тайёрлаб берилган ватанга қайтиш гувоҳномаси билан 2026 йил 5 апрел куни Ўзбекистонга қайтиб келган.
Бу ерда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳамда 2025 йил 30 декабрда сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланганди. Достон қайтгач, уни қўлга олишади.
Жазо
Жиноят иши ЖИБ Ургут туман судида кўриб чиқилди. Достон судда ҳақиқатдан ўзи билмаган ҳолда Россия армиясига ёлланганини, аммо бирон-бир жанговар ҳаракатда қатнашмаганини, оилавий аҳволи оғир бўлгани учун ишлаб пул топиш мақсадида Россияга бориб қолганини айтган ҳамда суддан енгиллик сўраган.
Суднинг 2026 йил 2 июлдаги ҳукми билан Достон Жиноят кодексининг 154-1-моддаси (чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 3,6 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Россия армиясига ёлланган қашқадарёлик йигит жиноий жазога тортилганди.
Таҳририят: мақолани тайёрлаш жараёнида Kun.uz ушбу ота-ўғилни излаб топди ва интервю олди. Лавҳа яқин кунларда эълон қилинади.