Таълим | 09:36
3295
2 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш: йўналишлар кесимида ўтиш баллари тасдиқланди

2026-2027 ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан Ўзбекистон давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш мақсадида ўтказиладиган махсус синовлар бўйича ўтиш баллари тасдиқланди. Энг юқори ўтиш бали ҳуқуқ таълим йўналиши учун — 165 балл этиб белгиланди.

Фото: Kun.uz

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан ўқишни кўчириш бўйича махсус синовлар учун таълим соҳалари ва йўналишлари кесимида ўтиш баллари тасдиқланди.

Унга кўра, «Ҳуқуқ» таълим йўналиши учун ўтиш бали 165 балл этиб белгиланган. «Сиёсатшунослик», «Халқаро муносабатлар» ҳамда «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар» йўналишларида ўқишни кўчириш учун камида 140 балл тўплаш талаб этилади.

«Соғлиқни сақлаш» соҳаси учун ўтиш бали 132 баллни ташкил этади. «Санъат», «Ижтимоий фанлар», «Журналистика» ҳамда «Бизнес ва бошқарув» йўналишлари учун эса 105 балл белгиланган.

Шунингдек, «Транспорт хизматлари» бўйича ўтиш бали 104 балл, «Таълим», «Гуманитар фанлар», «Тиллар», «Атроф-муҳит», «Математика ва статистика», «Ахборот-коммуникация технологиялари» ҳамда «Ижтимоий таъминот» соҳалари учун 94 балл қилиб тасдиқланган.

«Биологик фанлар», «Физика» ва «Хизмат кўрсатиш» соҳаларида ўтиш бали 80 балл, «Муҳандислик», «Ишлаб чиқариш» ва «Архитектура» йўналишларида 75 балл этиб белгиланди.

Бундан ташқари, «Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги» ҳамда «Меҳнат муҳофазаси» учун 70 балл, «Ветеринария» таълим йўналиши учун эса 60 балл талаб этилади.

Вазирлик хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотларидан республика давлат олий таълим муассасаларининг мос ёки турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчиришга рухсат этилмаслигини ҳам эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид