Жаҳон | 09:58
1253
4 дақиқада ўқилади

Ёнилғи инқирози: Россия дизел экспортини тўхтатди

Россия ҳукумати мамлакатда май ойи охиридан буён давом этаётган ёнилғи инқирози шароитида дизел ёнилғиси, кема ёнилғиси ва газойл экспортини 31 июлга қадар тақиқлади. Расмийлар бу қарор ички бозорда ёнилғи таъминотини барқарорлаштириш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.

Фото: REUTERS
Россия бош вазирининг ўринбосари Александр Новак ушбу қарор ҳақида президент Владимир Путин иштирокида ўтказилган ҳукумат йиғилишида маълум қилди. Кейинчалик ҳукумат матбуот хизмати ҳам мазкур чеклов расман кучга кирганини тасдиқлади.

Ҳукумат баёнотига кўра, 2026 йил январ ойи охиридан бошлаб бензин, дизел ва бошқа нефт маҳсулотлари экспортига айрим чекловлар амал қилиб келган. Бироқ улар нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этилмаган эди. Янги қарорга мувофиқ, 31 июлга қадар дизел ёнилғиси, кема ёнилғиси ва газойлни хорижга етказиб бериш ишлаб чиқарувчилар учун ҳам тақиқланди.

Шу билан бирга, халқаро ҳукуматлараро битимлар доирасида экспорт қилинадиган дизел ёнилғиси ушбу чекловлардан мустасно экани таъкидланди.

Ҳукумат НҚЗ юкламасини оширди

Александр Новакнинг айтишича, мамлакатда бензин ва дизел ишлаб чиқариш ҳажмининг вақтинча қисқаришига нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ёнилғи-энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар сабаб бўлган.

Унинг сўзларига кўра, инқирозни юмшатиш учун ҳукумат бир қатор чораларни амалга оширган. Жумладан:

  • амалдаги нефтни қайта ишлаш заводлари максимал қувватда ишлашга ўтказилди;
  • аввал захирага жамланган ёнилғи ички бозорга чиқарилди;
  • режали таъмирлаш ишларининг муддати қисқартирилди ёки кейинроққа кўчирилди;
  • ўрта ва кичик нефтни қайта ишлаш заводлари имкониятларидан фаолроқ фойдаланиш бошланди;
  • июл ойидан хориждан нефт маҳсулотлари импорти ҳам йўлга қўйилмоқда.

Шунга қарамай, Новак мамлакатдаги вазият ҳали ҳам мураккаблигича қолаётганини таъкидлади. Унинг маълум қилишича, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ёнилғига бўлган талаб қарийб учдан бир қисмига ошган.

Ёнилғи инқирози қарийб 60 ҳудудга тарқалди

Май ойи охиридан буён Россияда бензин ва дизел танқислиги кучайиб бормоқда. Бу ҳолат нефтни қайта ишлаш заводлари ва ёқилғи-энергетика мажмуаси объектларига уюштирилган ҳужумлар ортидан юзага келгани айтилмоқда.

Натижада мамлакатнинг қарийб 60 та ҳудудида ёнилғи сотиш бўйича турли чекловлар жорий этилган. Айрим ҳудудларда ҳайдовчилар соатлаб автоёнилғи қуйиш шохобчаларида навбат кутмоқда, баъзи станциялар эса ёнилғи етишмаслиги сабаб вақтинча ишламаяпти.

Россия хориждан ёнилғи сотиб олмоқда

Ёнилғи етишмовчилиги фонида Россия ҳукумати 2026 йил охиригача экологик талаблари паст бўлган «Евро-3» стандартидаги ёнилғидан фойдаланишга рухсат берди. Бу стандартда олтингугурт миқдори «Евро-5» стандартига нисбатан бир неча баробар юқори ҳисобланади.

Шу билан бирга, Россия ички бозордаги танқисликни қоплаш учун хориждан нефт маҳсулотлари импортини ҳам оширмоқда. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков бу борада хорижий экспортёрлар билан музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлади.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Ҳиндистон Россияга денгиз орқали камида 60 минг тонна бензин жўнатган. Шунингдек, Қозоғистон билан ҳам музокаралар давом этмоқда. Манбаларга кўра, Москва трейдерлар орқали Япониядан авиация ёнилғисини ҳам сотиб олишга тайёргарлик кўрмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид