Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
FT: Дизел бўйича жаҳон бозори янги синовга дуч келди
Россиянинг дизел ёнилғиси экспортини вақтинча тақиқлаши ва Эрон атрофидаги ҳарбий кескинлик глобал ёнилғи бозорига босимни кучайтирмоқда. Financial Times нашрига кўра, бу ҳолат дунёда дизел таъминоти бўйича янги инқирозни келтириб чиқариши, нархларнинг ошиши ҳамда инфляцияга қарши курашга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Financial Times (FT) нашрининг ёзишича, Россия ҳукумати 31 июлгача дизел, кема ёнилғиси ва газойл экспортини тақиқлаган. Бу қарор Эрон билан боғлиқ можаро яна кескинлашган бир пайтга тўғри келди.
АҚШ президенти Доналд Трамп 8 июл куни Эрон билан тузилган ўт очишни тўхтатиш режими амалда эмаслигини маълум қилди. Шу ортидан Форс кўрфази орқали дизел ва бошқа нефт маҳсулотлари ташуви яна қисқарди. Бунга Ҳўрмуз бўғозида Эрон томонидан эҳтимолий янги ҳужумлар хавфи сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Европада дизел нархлари кескин ошди
Нашр маълумотларига кўра, Европада дизел ёнилғисининг улгуржи нархлари сўнгги кунларда сезиларли даражада ўсган.
8 июл ҳолатига кўра, Европа дизел фючерсларининг хом нефт нархига нисбатан устамаси бир баррел учун рекорд даражадаги 60,7 долларга етган.
Хом нефт нархи Эрон билан боғлиқ можаро авж олган даврда бир баррел учун 100 доллардан ошиб кетган бўлса, ҳозир тахминан 70 долларга тушган. Бироқ дизел ёнилғиси нархи ҳали ҳам юқори бўлиб, бир баррели қарийб 135 доллар атрофида савдо қилинмоқда.
Айрим минтақаларда тақчиллик хавфи кучаймоқда
Энергетика соҳасида маълумотлар таҳлили билан шуғулланувчи Sparta компанияси эксперти Нил Кросбининг фикрича, Россия экспортига қўйилган чекловлар Африка, Лотин Америкаси ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида дизел тақчиллигига олиб келиши мумкин.
Унинг таъкидлашича, ушбу ҳудудлар анъанавий равишда Россиядан етказиб бериладиган ёнилғига катта даражада боғлиқ ҳисобланади.
Россиянинг ўзида ҳам ёнилғи инқирози чуқурлашмоқда
FT қайд этишича, май ойи охиридан бери Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводлари ва ёнилғи-энергетика инфратузилмасига ҳужумлари ортидан Россиянинг ўзида ҳам бензин ва дизел тақчиллиги кучайган.
Бунинг оқибатида кўплаб ҳудудларда ҳайдовчилар ёнилғи қуйиш шохобчаларида узоқ навбатларда туришга мажбур бўлмоқда, айрим АЁҚШ эса ёнилғи йўқлиги сабабли вақтинча ишламаяпти.
РБК агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, июл ойи бошига келиб Россиянинг қарийб 60 та ҳудудида ёнилғи сотувига нисбатан турли чекловлар жорий этилган. Бу ҳисобга Россия назорати остидаги Украина ҳудудлари ҳам киритилган.
Financial Times таҳлилчиларининг фикрича, мазкур омиллар глобал дизел бозорида босимни янада кучайтириши, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида харажатларни ошириши ҳамда жаҳонда инфляцияни жиловлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қийинлаштириши мумкин.
Мавзуга оид
13:30 / 21.04.2024
АҚШ фонд индекслари пасайди, олтин ва кумуш қимматлашди – халқаро молия бозори шарҳи
14:48 / 28.01.2024
Олтин арзонлашишда давом этмоқда, нефт нархи эса сезиларли даражада қимматлашди – халқаро молия бозори шарҳи
10:28 / 14.01.2024
Алюминий ва мис арзонлашди, олтин нархи эса қимматлаша бошлади – халқаро молия бозори шарҳи
12:09 / 10.02.2018