2024 йилнинг иккинчи савдо ҳафтаси етарлича жўшқин ўтди. Ҳафта нафақат фонд бозори, балки жаҳон молиявий бозорларига таъсир этадиган турли хабарларга бой бўлди. Энг муҳимларидан бири, АҚШ инфляция маълумотлари бозорни тебратиб юборди, чунки ушбу кўрсаткич бозор иштирокчиларининг оптимистик прогнозларидан ҳам баланд бўлди – 3,4 фоиз. Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан Bitcoin ETF тасдиқланиши ҳам бозорнинг тебранишига олиб келди. Бунинг наижасида Bitcoin ўсди, аммо бир қатор йирик инвест фондлар ва брокерлик хизматлар (Vanguard, Merril Lynch (Bank of America), Citi, UBS va Edward Jones) бу ETF’ни харид қилишда мижозларига тақиқ қўйиши натижасида Bitcoin жума куни қулади. Ҳафта сўнгида АҚШ ҳаво кучларининг Яманга уюштирган ҳужумлари ҳимоя активлари сифатида кўриладиган олтиннинг ўсишига сабаб бўлди.

Jahon Insights канали экспертлари 8 январдан 12 январгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.   

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500: +1,84 фоиз (йил бошидан +0,29 фоиз);
  • NASDAQ: +3,23 фоиз (йил бошидан +0,04 фоиз);
  • DJI: +0,34 фоиз (йил бошидан -0,26 фоиз).

АҚШ фонд бозори индекслари ўсиш жараёнини қайта давом эттирди. Сўнгги ҳафтани ТШ NASDAQ ва S&P500 индекслари 527 ва 87 пункт, Dow Jones индекси эса 127 пункт ўсиш билан якунлади.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин: +0,17 фоиз (йил бошидан  -0,67 фоиз);
  • Кумуш: +0 фоиз (йил бошидан  -2,51 фоиз);
  • Алюминий: -2,44 фоиз (йил бошидан -7,21 фоиз);
  • Мис: -1,63 фоиз (йил бошидан -3,79 фоиз).

Аксарият қимматбаҳо металлар (олтиндан ташқари) пастлашув тенденциясини олдинги ҳафтадан бери тугатгани йўқ. Алюминий бир ҳафта ичида 55 долларга, мис 6 сентга арзонлашиб, кумуш ўзгаришсиз қолди. Аммо, олтин беқарор ва тинимсиз урушлар сабабли ўсиш суръатини тақдим этди ва 3,6 долларга қимматлади.

Нефт

  • WTI: -1,56 фоиз (йил бошидан +2,03 фоиз);
  • BRENT: -0,58 фоиз (йил бошидан +1,70 фоиз).

Нефт жорий ҳафта флетда ҳаракатланишини давом эттирди, аммо олдинги ҳафта билан солиштирганда қизил шамчироқ билан якунланди. Хусусан, нефтнинг WTI маркаси бир ҳафта ичида 1,15 долларга, BRENT эса 46 сентга арзонлашди.