Жаҳон молия бозорлари дунёнинг бир қатор марказий банклари томонидан олиб борилган Миқдорий қисқариш сиёсати таъсирини турли равишда бошларидан ўтказмоқда. Масалан, АҚШнинг Федерал захира тизими (ФЗТ) ҳозирда фоиз ставкаларини бир неча йиғилишлардан бери ўзининг тарихий чўққисида ўзгаришсиз ушлаб турган бўлса ҳам, мамлакатнинг фонд бозори қисқартириш сиёсати эълонидан сўнг йўқотган позициясини бутунлай тиклади ва янги чўққиларни забт этишни бошлади. Сўнгги ҳафта савдоларида S&P500 ва NASDAQ индекслари янги тарихий максимумларини ўрнатди ва мос равишда 4907 ва 17665 пунктгача кўтарилишга муваффақ бўлди. Бунга ёрдамчи сабаблардан бири АҚШда 2023 йилнинг IV чорагига оид ЯИМ кўрсаткичи 3,3 фоиз бўлишидир. Бу фонд бозорига қўшимча оптимизм тақдим этди. Эндиликда, бозор иштирокчилари акцияларнинг ўсиш цикли устувор бўлишига умид қилишмоқда. Бундан ташқари ФЗТ фоиз ставкасини яқин орада тушириш масаласини расмий мажлисларда кўриб чиқишни бошлаши прогноз қилинмоқда.
Jahon Insights канали экспертлари 22 январдан 26 январгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.
АҚШ топ фонд бозорлари индекси:
- S&P500: +1,06 фоиз (йил бошидан +2,54 фоиз);
- NASDAQ: +0,62 фоиз (йил бошидан +3,54 фоиз);
- DJI: +0,65 фоиз (йил бошидан +1,11 фоиз).
АҚШ фонд бозори индекслари сўнгги ҳафта «uptrend» ҳаракатини давом эттирди. NASDAQ ҳафта давомида 107 пунктга, Dow Jones 246 пунктга ва S&P500 индекси 52 пунктга кўтарилди.
Асосий қимматбаҳо металлар:
- Олтин: -0,57 фоиз (йил бошидан -2,17фоиз);
- Кумуш: +0,82 фоиз (йил бошидан -4,18 фоиз);
- Алюминий: +3,92 фоиз (йил бошидан -5,47 фоиз);
- Мис: +1,76 фоиз (йил бошидан -0, 65 фоиз).
Олтиндан ташқари, барча асосий қимматбаҳо металлар ҳафта мобайнида ўсиш суръатини тақдим этди. Хусусан, олтин бутун 5 кунлик савдо сессияси давомида 11 долларга арзонлашган бўлса, aлюминий, кумуш ва мис мос равишда 85 доллар, 18 сент ва 7 сентга қимматлашди.
Нефт
- WTI: +6,45 фоиз (йил бошидан +9,57 фоиз);
- BRENT: +5,66 фоиз (йил бошидан +7,87 фоиз).
Нефт бир неча ҳафта флетда ҳаракатланиб келганидан сўнг, нарх қаршилиги даражасини тепага бузиб ўта олди. Жорий ҳафта WTI маркаси 4,73 долларга, BRENT эса 4,45 долларга кўтарилди.
















