Жамият | 11:05
1416
2 дақиқада ўқилади

Табиий газга улаш учун пора олган мансабдорлар ушланди

Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида табиий газ тармоғига улаш, янги абонент ҳисобини расмийлаштириш ҳамда газдан қарздорликни камайтириб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган бир қатор масъул шахслар фош этилди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Риштон тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда «Риштон тумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари С.Ш. ва М.О. фуқаро Ҳ.Унинг хонадонини табиий газ тармоғига улаш ва ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 5,2 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

Уйчи туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса «Уйчитумангаз» газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси Б.Д. фуқаронинг хонадонини газ тармоғига улаш ва ҳисоблагич ўрнатиб бериш эвазига ўз хизмат хонасида 4,5 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Чортоқ туманидаги тезкор тадбирда «Янгиқўрғонтумангаз» газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси А.А. фуқаронинг уйини газ тармоғига улаш ва янги абонент ҳисоб рақами очиб бериш эвазига филиал қоровули орқали 4,8 миллион сўм олган вақтида қўлга олинган.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида эса «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиалининг собиқ бўлим бошлиқлари А.И. ва К.Ю. тадбиркорни газдан ҳисобланган 76 миллион сўм қарздорликни камайтириб беришга ишонтирган. Улар бу хизмат учун олинган 500 АҚШ долларининг бир қисми — 2,3 миллион сўмни тадбиркорга қайтариб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бош прокуратура маълум қилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид