Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия омили: НАТОда зарур, ЕИда ортиқчами?
Анқарадаги НАТО саммитида Эрдўған Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолик жараёни бўйича очиқ эътироз билдирди ва масалани яна кун тартибига олиб чиқди. Kun.uz суҳбатлашган сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Жаҳонгир Акрамовга кўра, бу масала ортида мураккаб геосиёсий ҳисоб-китоблар, тарихий ва идеологик омиллар қоришмаси ётади.
— Туркия нега Европа Иттифоқига қабул қилинмаяпти?
Камолиддин Раббимов: Туркия Европа Иттифоқига қабул қилинмаслигининг бир нечта сабаблари бор. Бу омиллар ҳам иттифоқ ичидаги сиёсий мувозанат, ҳам Туркия атрофидаги геосиёсий вазият билан боғлиқ.
Европа Иттифоқининг учта асосий институти мавжуд: Европа Комиссияси (ижроия ҳокимият), Европа Кенгаши (аъзо давлатлар ҳукуматлари йиғилиши) ва Европа Парламенти. Европа Парламентида ўринлар аъзо давлатларнинг аҳоли сонига қараб тақсимланади. Масалан, энг катта вакиллик Германияга тегишли (83 миллион аҳоли), ундан кейин Франция (67 миллион). Агар Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлса, аҳоли сони 90 миллиондан ошгани сабабли энг катта фракция айнан Туркияга тегишли бўлади. Бу эса иттифоқ ичидаги сиёсий мувозанатни ўзгартиради.
Бундан ташқари, Туркиядан сайланадиган депутатларнинг асосий қисми “Адолат ва тараққиёт” партиясига мансуб бўлиши мумкин. Бу партия диний қадриятларга яқин сиёсий йўналишга эга бўлиб, Европа Парламентида янги идеологик омил пайдо бўлишига олиб келади. Шу сабабли айрим давлатлар, айниқса Франция, бу жараёнга доимий эҳтиёткорлик билан қараб келган.
Германияда эса позиция вақт-вақти билан ўзгариб турган. Баъзи даврларда Туркияни қўллаб-қувватлаш кузатилган, баъзан эса қаршилик кучайган. Масалан, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Европа давлатларини Туркияни тезроқ қабул қилишга чақирган, акс ҳолда Туркия бошқа геосиёсий йўналишда иттифоқларни кучайтириши мумкинлигини таъкидлаган. Ҳатто айрим пайтларда Туркияга визасиз режим таклиф қилиниб, бироқ тўлиқ аъзоликдан воз кечиш сўралган.
Иккинчи муҳим тўсиқ – Греция ва Кипр масаласи. Европа Иттифоқига янги давлатни қабул қилиш учун барча аъзо мамлакатлар розилиги талаб этилади. Ҳар қандай давлат вето қўйиши мумкин ва бу қарорини асослаб бериши шарт эмас. Туркия билан Греция ўртасида узоқ йиллик ҳудудий ва сиёсий зиддиятлар мавжуд. Кипр эса икки қисмга бўлинган: жанубида греклар, шимолида турклар яшайди. Европа Иттифоқи Туркияни Кипр масаласида танқид қилиб келади. Шу сабабли Греция ва Кипр Туркиянинг аъзолигига мунтазам қаршилик билдиради.
Бошқа томондан, Туркия НАТОнинг муҳим аъзоси ҳисобланади. У 1952 йилда алянсга қўшилган ва стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудда жойлашган. НАТО операцияларида Туркиянинг иштироки алянснинг глобал легитимлигини оширади. Яъни НАТО Туркиясисиз бу ғарб клубига айланиб қолади. Мисол учун, Яқин Шарқдаги операцияларда Туркия бўлмаганида бу бутун дунё ҳамжамияти, авваламбор мусулмонлар томонидан навбатдаги Салиб юриши деб эълон қилинар эди.
Шунга қарамай, Туркия ҳам ўз манфаатларини ҳимоя қилади, масалан, НАТОга Исроилни киритмайди. Ўз навбатида, Греция ва Кипр Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолигига қарши.
Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳозирча узоқ истиқболдаги масала бўлиб қолмоқда. Бироқ сўнгги йилларда Туркиянинг геосиёсий аҳамияти сезиларли даражада ошди. У Европа хавфсизлиги ва НАТО тизимида муҳим ўрин тутмоқда. Шу сабабли, расмий аъзолик бўлмаса-да, Туркиянинг Европа билан муносабатларидаги таъсири ортиб бормоқда.
Жаҳонгир Акрамов: Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши масаласи кўпроқ сиёсий орзу сифатида баҳоланади. Назарий жиҳатдан бу имконият мавжуд бўлса-да, амалда яқин истиқболда рўй бериш эҳтимоли паст. Келажакни аниқ башорат қилиб бўлмайди, бироқ бу жараёнда кучлар мувозанати ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Европа Иттифоқининг шаклланишида тарихий ва цивилизацион омиллар ҳам муҳим рол ўйнаган. Хусусан, христиан дунёсининг католик ва протестант анъаналари асосидаги бирлик ғояси муҳим идеологик пойдевор бўлиб хизмат қилган. Шу сабабли, Европа Иттифоқи нафақат сиёсий-иқтисодий, балки маълум даражада цивилизацион лойиҳа ҳам ҳисобланади.
Масалан, Албаниянинг аъзолик истиқболи нисбатан юқори баҳоланади. Бунга сабаб – унинг кичик ҳудудий ва демографик кўлами, шунингдек, Европа Иттифоқи талабларига мослашиш имкониятининг юқорилигидир. Албания минтақавий рақобат ёки геосиёсий етакчиликка даъво қилмайди, бу эса уни иттифоқ учун “камроқ хавфли” номзодга айлантиради. Туркия эса мутлақо бошқа даражадаги давлат. Унинг тарихий мероси, минтақадаги таъсири ва геосиёсий амбициялари Европа давлатларида эҳтиёткорлик уйғотади. Айниқса, Болқон минтақасида турклар билан боғлиқ тарихий хотира ва хавотирлар ҳамон сезилиб туради.
Бироқ Туркия стратегик жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлатдир. НАТО аъзоси сифатида у Европа хавфсизлигида муҳим рол ўйнайди. Шу билан бирга, Туркия раҳбарияти ҳам яқин йилларда Евроиттифоққа тўлиқ аъзолик эҳтимоли паст эканини яхши тушунади. Шунинг учун асосий эътибор стратегик ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилмоқда.
Ички сиёсий омиллар ҳам муҳим: Туркияда инфляция, ижтимоий кескинлик ва сиёсий қутблашув кучайган. Бундай шароитда ҳукумат иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун ташқи ҳамкорлик, айниқса Европа Иттифоқи билан алоқаларни кенгайтириши зарур. Визасиз режимни ривожлантириш, савдо ва инвестиция оқимларини ошириш шулар жумласидандир.
Шунингдек, мудофаа соҳасида ҳам Туркия ўз салоҳиятини кучайтирмоқда. Масалан, миллий ҳаво мудофаа тизимларини ривожлантиришга катта маблағ ажратилмоқда. Бу орқали Анқара Европага “Туркиясиз хавфсизликни тасаввур қилиш қийин” деган сигнални бермоқда. Туркия ўзини фақат минтақавий эмас, балки глобал ўйинчи сифатида кўрсатишга интилмоқда.
Туркия Европа Иттифоқига тўлиқ аъзоликни яқин мақсад сифатида кўрмаслиги ҳам мумкин. Аксинча, у Европа билан ҳамкорлик орқали ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги шароитда Туркия – кўплаб глобал марказлар учун муҳим ҳамкор. У Россия, Хитой, Европа ва АҚШ учун бирдек аҳамиятли. Ҳатто қарама-қаршиликларга қарамай, иқтисодий ва стратегик манфаатлар устувор бўлиб қолмоқда. Масалан, энергетика соҳасида Туркия орқали амалга ошириладиган лойиҳалар кўплаб давлатлар, масалан Исроил учун муҳим аҳамиятга эга. Туркия ва Исроилнинг бир-бирига қаратилган сиёсий баёнотлари кескин бўлиши мумкин, бироқ иқтисодий алоқалар одатда давом этади.
Хулоса қилиб айтганда, Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар мураккаб ва кўп қатламли. Тўлиқ аъзолик масаласи очиқ қолаётган бўлса-да, ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик яқин йилларда асосий йўналиш бўлиб қолади.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.