Жамият | 23:32 / 11.07.2026
1120
1 дақиқада ўқилади

Бектемир туманида «закладчик»лар қўлга олинди

Тезкор тадбирлар давомида икки нафар фуқарода гиёҳванд модда қадоқланган 43 дона, яна бир фуқарода 15 дона пакетча борлиги аниқланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар доирасида гиёҳванд моддаларни яширин жойларга қолдириб кетувчи («закладчик») шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, Бектемир туманининг Ийк-ота маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган патрул-пост хизмати ходимлари икки нафар фуқаронинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланиб, уларни текширишган.

Холислар иштирокида ўтказилган шахсий кўрик давомида уларнинг ёнидан гиёҳванд модда қадоқланган сотувга тайёр 43 дона пакетча чиқди.

Махсус тадбирлар давомида туман ИИБ тезкор ходимлари яна бир шахсни қўлга олди. Унинг ёнида гиёҳванд модда қадоқланган 15 дона пакетча борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид