Ўзбекистон | 09:09
798
2 дақиқада ўқилади

Энди овчилик гувоҳномаси учун курс ва тестдан ўтиш талаб этилади

2026 йил 3 августдан Ўзбекистонда овчилик гувоҳномасини олиш истагида бўлган фуқаролар учун янги тартиб амал қилади. Энди талабгорлар 10 соатлик ўқув курсларини тамомлаб, тест синовидан муваффақиятли ўтиши ҳамда сертификат олиши шарт бўлади.

Фото: Узденский лесхоз

Адлия вазирлиги Овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3887, 2026 йил 3 июл).

Низомга мувофиқ, талабгорлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти” давлат муассасаси ёки у билан шартнома тузган таълим муассасаларида 10 соатлик ўқув курсларида таҳсил олади.

Ўқув машғулотлари бевосита аудиторияларда ёки масофавий таълим шаклида ташкил этилади. Талабгорлар йил давомида электрон ёки ёзма шаклда ариза топшириш имкониятига эга бўлади.

Курслар 20–30 нафардан ортиқ бўлмаган тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ўтказилади. Машғулотлар маъруза ва семинар шаклида ташкил қилиниб, ҳар бир дарснинг давомийлиги 80 дақиқани ташкил этади.

Низомга кўра, ўқув курслари якунида комиссия томонидан тест шаклида имтиҳон ўтказилади. Тингловчилар 100 баллик тизим асосида баҳоланади ва камида 70 балл (70 фоиз) тўплаганларга сертификат берилади.

Мазкур низом 2026 йил 3 августдан кучга киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид