Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳар куни бир хил хатони такрорлаяпмиз - “Атом одатлар” | 5 дақиқа
Ҳар йили янги йил арафасида бир хил манзарани кўрамиз. Йил янгиланиши билан миллионлаб одамлар ўзларига ваъда беришади. Энди ҳаммаси бошқача бўлади. Эртадан спорт билан шуғулланаман. Кўпроқ китоб ўқийман. Телефонни камроқ ушлайман. Эрта тураман, пул йиғаман. Орадан бир ой ўтмай ҳаммаси аввалги изига тушади.
Қизиғи шундаки, бу одамлар ақлсиз ёки ялқов эмас. Улар нима қилиш кераклигини яхши билишади. Соғлом овқатланиш кераклиги, китоб ўқиш фойдали эканини ҳам англашади. Спорт билан шуғулланиш соғлиқ учун муҳимлигини ҳам тушунишади. Шундай экан, нега билим ҳаракатга айланмайди?
Бугун 5 дақиқа давомида Жеймс Клирнинг "Атом одатлар" китоби ҳақида гаплашамиз.
Сўнгги йилларда шахсий ривожланиш ҳақидаги китоблар шунчалик кўпайдики, баъзида уларнинг муқовасини алмаштирсангиз ҳам, ичидаги фикрлар деярли бир хилдек туюлади.
Шунинг учун менда ҳам табиий шубҳа пайдо бўли. "Атом одатлар" шундай китоблардан яна биттаси эмасми? Бироқ мутолаа давомида англадимки, Жеймс Клир мотивация сотишга эмас, муаммони тушунтиришга ҳаракат қилган.
Муаллифнинг айтишича, инсон ҳаётини катта қарорлар эмас, ҳар куни такрорланадиган майда одатлар белгилайди. Бу жумла бир қарашда таъсирли эшитилмаслиги мумкин. Аммо бироз чуқурроқ ўйлаб кўринг.
Бугун эрталаб уйғонганингиздан бери неча марта телефонни қўлингизга олдингиз? Ижтимоий тармоқларни очишни режалаштирганмидингиз? Йўқ. Шунчаки, қўл автоматик равишда телефонга чўзилди. Мана шу "автоматик" деган сўз китобнинг асосий мағзини очиб беради.
Биз ўзимизни эркин қарор қабул қиладиган инсон, деб ўйлаймиз. Аслида эса кун давомидаги ҳаракатларимизнинг катта қисми олдиндан шаклланган одатлар таъсирида содир бўлади.
Биз катта натижаларни яхши кўрамиз. Шунинг учун ҳам тез натижа кутамиз. Бугун машқ қилдикми, эртага танамиз ўзгаришини хоҳлаймиз. Китоб ўқидикми, бир ҳафтада билимли бўлиб қолишни истаймиз. Янги иш бошладикми, бир ойда катта даромад қилишни режалаштирамиз.
Ҳаёт қонуни бундай ишламайди. Табиатда ҳамма нарса вақт талаб қилади. Деҳқон бугун уруғ экиб, эртага ҳосил йиғмайди. У ерни парвариш қилади, сув беради, кутади. Чунки у билиб турибди: кўзга кўринмаётган жараён ҳам ўсишнинг бир қисми.
Одатлар ҳам худди шундай. Энг катта хато шундаки, биз натижа кўринмагани учун ҳаракатни тўхтатамиз. Ҳолбуки, натижа йўқ эмас. У шунчаки ҳали кўринмаяпти.
Биз ўзимизни ўзгартиришга уринамиз, лекин муҳитимизни деярли ҳеч қачон ўзгартирмаймиз. Телефон ёнимизда туради, кейин нега диққатим чалғияпти, деймиз. Музлаткич ширинликка тўла бўлади, кейин нега парҳез қилмадим, деб хафа бўламиз.
Жеймс Клир бу ўринда инсоннинг иродасига урғу беради. Лекин ундан ҳам муҳимроғи - унинг атрофидаги муҳит. Чунки муҳит кўпинча иродадан кучлироқ бўлади. Инсон эски, бўлмағур одатларини ташлаши учун муҳитни ҳам ўзгартириши лозим.
Одамлар кўпинча нотўғри жойдан бошлайди, дейди муаллиф. Биз натижани ўзгартиришга уринамиз. Кейин одатни ўзгартиришга ҳаракат қиламиз. Аслида эса ҳаммаси инсоннинг ўзини ким, деб билишидан бошланади.
Масалан, "мен кўпроқ китоб ўқимоқчиман" деган фикр билан "мен китоб ўқийдиган инсонман" деган фикр ўртасида катта фарқ бор. Биринчи гап хоҳишни ифодалайди. Иккинчиси эса шахсиятингизни.
Муаллифнинг айтишича, ҳар сафар китоб очганингизда сиз фақат китоб ўқиётган бўлмайсиз. Сиз ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурни ҳам мустаҳкамлайсиз. Худди шундай, ҳар сафар машқ қилганингизда "мен соғлиғини қадрлайдиган инсонман", деган фикрга биттадан далил қўшасиз. Аксинча, "эртага бошлайман" деганингизда ўзингиз ҳақингизда бошқа бир тасаввурни мустаҳкамлаган бўласиз.
Жеймс Клирга кўра, янги одат шунчалик осон бўлиши керакки, уни бошлаш учун баҳона қолмасин. Агар ҳар куни бир соат китоб ўқий олмасангиз, икки дақиқа ўқинг. Агар беш чақирим югуриш қийин бўлса, спорт кийимини кийиб эшикдан ташқарига чиқинг. Энг қийин қисми кўпинча ишнинг ўзи эмас, уни бошлаш эканини китоб қайта-қайта ёдингизга солади.
"Атом одатлар" бошқа мотивацион китоблардан назаримда, анча фарқ қилади. У инсонни ҳиссиёт билан эмас, мантиқ билан ишонтиради. У "сен албатта муваффақиятга эришасан" деб ваъда бермайди. Фақат битта фикрни таклиф қилади: агар ҳар куни кичик, аммо тўғри ишни такрорласангиз, вақт ўтиб натижа албатта кўринади.
Мавзуга оид
11:20 / 05.07.2026
Ўзганинг ҳаётини яшаган одамлар: мансабнинг баҳоси қанча? | 5 дақиқа
14:49 / 28.06.2026
Инсониятни вабо эмас, бефарқлик мағлуб қилади | 5 дақиқа
12:15 / 13.06.2026
Сотилган орзулар ёхуд катта бўлиш касаллиги | 5 дақиқа
16:41 / 06.06.2026